Ўзбекистонда пахта йиғим-теримига икки миллионга яқин одам жалб этилди

Наманган вилоятидаги пахта теримчилар. Agro.uz видеосидан кадр

Ўзбекистонда сентябрь ойининг биринчи кунларида бошланган пахта теримига 2 миллионга яқин киши жалб этилган. Бу ҳақда мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Республика бўйича 21 минг 300 дан ортиқ пахта териш гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, уларнинг ҳар бири 90-100 кишидан иборат.

«Шундан 605 минг 136 нафари пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари ишчилари, 1 миллион 269 минг 676 нафари маҳаллий аҳоли ва мавсумий ишчилар, 64 минг 972 нафари бошқа ҳудудлардан ишга жалб этилган», — дея таъкидлади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги йиғим-теримда фақат вояга етган фуқаролар иштирок этаётганини қўшимча қиларкан.

Пахтакор фермер хўжаликлари Бандликка кўмаклашиш марказлари, хусусий бандлик агентликлари орқали, шунингдек, хоҳловчилар билан бевосита меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузиш йўли билан теримчиларни ишга қабул қилади.

Ҳар бир теримчи мавсумда ўртача 1,5 тоннадан пахта териши кутилмоқда. Умуман олганда, қанча пахта йиғиб олиниши режалаштирилгани ҳақида маълумот берилмаган. Ўтган йили Ўзбекистонда 3,4 миллион тоннадан ортиқ пахта хомашёси йиғиб олинди.

Бу йил қўлда терилган пахтанинг 1 килограмми учун биринчи теримда 1500 сўм (0,13 АҚШ доллари) тўланади, 10 октябрдан сўнг иккинчи терим бошланганда эса таннарх 1800 сўмга (0,16 доллар) ошади. Ўтган йили тўлов мос равишда 1200 ва 1500 сўм бўлган.

Теримчилар топширилган пахта учун ҳар беш кунда бир марта, гуруҳ раҳбарларига эса ойда бир марта ҳақ тўланади.

«Пахта-тўқимачилик кластерларида терим билан шуғулланаётган фуқароларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, кўчма савдо, маданий-маиший хизмат кўрсатиш, сайёр тиббий кўрикдан ўтказиш хизматлари йўлга қўйилган. Маънавият ва маърифат маркази ҳамда «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси жойлардаги бўлимлари томонидан теримчилар учун маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда», — дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборотида.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида, аҳоли бандлигини таъминлашда пахтачилик алоҳида ўрин тутади. Биринчи президент Ислом Каримов даврида бу стратегик соҳа бўлиб, ҳар йили турли соҳалардаги юз минглаб одамлар мажбурий равишда пахта теримига сафарбар қилинарди. Шавкат Мирзиёев даврида пахтачиликнинг ўрни пасайди, аммо муҳимлигича қолмоқда.

Бугун Ўзбекистон расмийлари аввалгидек пахта хомашёсини сотишдан эмас, ундан ишлаб чиқарилган қўшимча қийматли маҳсулотларни экспорт қилишдан даромад топишга интилмоқда. Пахтачиликда кластер тизими жорий этилди, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган 350 га яқин йирик фабрикалар ишга туширилди. Сўнгги уч йилда соҳани қўллаб-қувватлашга 23 триллион сўмдан ортиқ (2 миллиард доллардан ортиқ) маблағ йўналтирилди, кластерларнинг ўзлари қарийб 7 триллион сўм (636 миллион доллардан ортиқ) хусусий инвестиция киритди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ