Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) Афғонистондаги икки миллион кишига бериладиган ёрдамни қисқартиришини эълон қилди. Тегишли баёнот БМТ матбуот маркази сайтида эълон қилинди.
«Сентябрь ойида Жаҳон озиқ-овқат дастури Афғонистондаги икки миллион оч-наҳор одамларга озиқ-овқат ёрдамини беришни бас қилишга мажбур бўлади. Келажакда
катта молиявий тақчиллик туфайли ЖОД ойига атиги уч миллион афғонга шошилинч ёрдам кўрсатиши мумкин, айни пайтда бу мамлакатда муҳтожларнинг умумий сони ўн беш миллионга яқинлашмоқда»,
— дейилади баёнотда.
Молиявий қисқартиришлар 1,4 миллион ҳомиладор аёллар, ёш оналар ва уларнинг болалари энди зарур бўлган махсус озиқ-овқатларни ололмаслигини англатади, дейди БМТ. Келгуси ойларда ЖОД озиқлантириш марказларига мурожаатлар сони кескин кўпайишини кутмоқда, чунки бундай шароитларда болаларнинг омон қолиши тобора қийинлашиб бормоқда.
«Очлик ва тўйиб овқатланмаслик даражаси токи юқори экан, биз тўйиб овқатланмайдиганларни ёки оч қолганларни қўллаб-қувватлаш ўртасида танлов қилишга мажбур бўлиб, миллионлаб оилаларни ўз ҳолига ташлаб қўйишга мажбур бўламиз. Қолган озгина ресурслар билан биз қашшоқлик жари ёқасида турган барча одамларга ёрдам бера олмаймиз», — деб тушунтиради Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Афғонистондаги вакили Сяо-Вей Ли (Hsiao-Wei Lee).
Бутун дунёда эҳтиёж ортиб бораётган бир пайтда, ЖОД донор мамлакатларни гуманитар операцияларни молиялаштиришга устувор аҳамият беришга чақиради.
Баёнотда, шунингдек Афғонистонда 2021 йили «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятни қўлга киритганидан буён толиблар «гендер дискриминацияси» ҳамда аёллар ва қизлар ҳуқуқларини мунтазам равишда поймол этувчи қатор буйруқлар чиқаргани таъкидланади.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).