Покистон ва Эрон бир ҳафта ичида 22 мингдан ортиқ афғон қочқинларини депортация қилди

KHAAMA.COM САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўтган ҳафта Покистон ва Эрон 22 мингдан ортиқ афғон қочқинларини ўз ватанига депортация қилди. Бу ҳақда «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган ҳукуматнинг Қочқинлар ва репатриация вазирлиги баёнотига таяниб, Ariananews хабар беради.

Биргина 27 июль, шанба куни Афғонистон билан чегарадош Нимроз, Қандаҳор ва Нангарҳор вилоятларига 5303 нафар афғонистонлик қочқин мажбуран кўчирилган. 21 июлдан 26 июлгача Эрон ва Покистон ҳукумати 17 265 афғонни депортация қилган. Афғонистонга қайтганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.

Депортация қилинган кўплаб муҳожирлар ҳибсга олиш ва депортация қилиш жараёнида полиция уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлганидан шикоят қилган, дея хабар беради Afghanistan International. Ўз навбатида, Покистон ва Эрон расмийлари афғон қочқинларига халқаро қонунлар асосида муносабатда бўлинганини ва ноқонуний муҳожирларни депортация қилишни ўзларининг қонуний ҳақлари деб билишларини таъкидламоқда.

Июн ойида «Толибон» нинг репатриантларга ёрдам кўрсатиш ва уларни кўчириш комиссияси матбуот котиби Қори Юсуф Аҳмадий «икки қўшни давлат 2024 йил бошидан буён 400 мингдан ортиқ қочқинни мажбуран депортация қилгани, депортация қилинганларнинг 75 фоизи Покистон ҳиссасига тўғри келишини» айтганди.

Қайтган муҳожирлар жиддий қийинчиликлар, жумладан, қашшоқлик, ишсизлик ва бошпанасизликка дуч келишаётганини таъкидлашган.

ℹ️ Firstpost маълумотларига кўра, 2021 йил августида толиблар* ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг 600 мингга яқин афғон Покистонга қочиб ўтган. 1979 йил декабрдаги Совет босқини, фуқаролар уруши ва 2001 йил 11 сентябрдан кейинги АҚШ босқинидан қочиб, 40 йил давомида яна бир неча миллион киши ушбу мамлакатга кириб келган.

Покистон ҳукумати 2023 йили нолегал афғонларни ҳайдаб чиқариш кампаниясини кучайтирган, натижада миллионлаб муҳожирлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишган.

Афғонистонликлар 1980 йиллар бошида дастлаб қочқин, кейинчалик иқтисодий мигрантлар сифатида оммавий равишда Эронга кўчиб кела бошлашган. 2021 йил августигача Эронда уларнинг сони 2 миллиондан камроқ бўлган. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, толиблар ҳокимият тепасига келгач, Эрон ҳудудидаги афғон қочқинлари сони 3,5 миллион кишига етган. Охирги бир йил ичида 1 миллиондан ортиқ одам депортация қилинган.

Эроннинг қашшоқ ҳудудларида яшаётган афғонлар сони эронликларга қараганда кўпроқ, бу эса афғонларга қарши кайфиятни кучайтирмоқда. Ўтган йили Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши муҳожирларнинг 16 провинцияда яшашини ман қилган, чунки у ерларда улар аҳоли сони кескин кўпайган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ