Нижегород вилояти хорижликларга меҳнат патентларини бериш тўхтатилганини эълон қилди

admrad.ru сайти фотосурати

2024 йил 1 октабрдан бошлаб Ички ишлар вазирлигининг Нижегород вилояти бўйича Бош бошқармасининг Миграция бошқармаси визасиз мамлакатлар фуқароларига ушбу ҳудудда ишлаш ҳуқуқини берувчи патентлар беришни тўхтатади. Тегишли эълон бошқарма сайтида эълон қилинди.

Қайд этилишича, қарор «Россия Федерациясида хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида»ги 115-ФҚ-сонли Федерал қонунининг 133-моддаси 3-банди асосида қабул қилинган. Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимият органлари Россия ИИВ 2024 йил 23 сентябрдаги 1/11198-сон буйруғига мувофиқ ҳаракат қилади.

Патент беришни тақиқлаш фақат Нижегород вилоятида жорий этилган, дея таъкидлайди вилоят маъмурияти.

Бошқарманинг таъкидлашича, патентга эга бўлган хорижликлар зарурат туғилганда ҳужжатни қайта расмийлаштириши, ундаги маълумотларни ўзгартириши ва соҳада ишлаш учун рухсатномасини янгилаши мумкин.

Илгари Россия ўлкаларида мигрантлар ишлаши мумкин бўлган соҳаларга чекловлар жорий қилинган эди. Масалан, уларга савдо, транспорт, йўловчи ташиш, туризм, таълим ва ҳоказо соҳаларда ишлаш тақиқланганди. Худди шундай нормалар Федерациянинг 23 та субъектида ҳам қабул қилинган.

Сентябрь ойи ўрталарида Москва вилояти ҳокимияти 2025 йил 1 январдан бошлаб чет эл фуқаролари умумий овқатланиш корхоналарида, алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотиладиган дўконларда, шунингдек, ижтимоий хизматлар, жумладан, маданият, дам олиш, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт соҳаларида ишлай олмасликларини эълон қилганди. Вилоят маъмурияти ҳсобига кўра, янги қоидалар туфайли 5 минг 600 га яқин киши ишсиз қолади. Тахминларга кўра, бўш қолган иш ўринларига россияликлар ёки Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар (Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон) фуқаролари жалб қилинади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати