Қозоғистон ФВВ: Ақтауда йўловчи самолёти қулаши оқибатида 28 киши омон қолди

Видеодан скриншот

Қозоғистоннинг Актау шаҳрида AZAL (Azerbaijan Airlines) авиакомпаниясининг йўловчи самолёти қулаши оқибатида 28 киши тирик қолди. Бундай дастлабки маълумотни Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

22 жабрланувчи шифохонага етказилган. Самолёт бортида жами 67 киши — Озарбайжоннинг 37, Россиянинг 16, Қозоғистоннинг 6 ва Қирғизистоннинг 3 нафар фуқароси бўлган.

Авиаҳалокат сабаблари ҳақида расмий маълумотлар йўқ. КазТАГ авиация соҳасидаги манбага таяниб хабар теришича, учувчилар двигател ва рул бошқарувидаги носозлик туфайли Ақтаудан фавқулодда қўниш учун рухсат сўраган. «Улар Ақтауга қўнишни сўраганларида, бутун диспетчерлик хизмати «оёққа турган» эди. Бортда нимадир бўлганди. Катта эҳтимол билан, қуш двигателга урилиб кирган ва уларнинг двигатели ишламай қолган», — деган агентлик манбаси.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев топшириғига кўра ҳалокат сабабларини ўрганиш бўйича давлат комиссияси тузилган. Унга Бош вазир ўринбосари Канат Бозумбаев раҳбарлик қилади. Давлат раҳбари, шунингдек, Остонадан Оқтауга шифокорларни жўнатиб, жабрланганларга барча зарур ёрдам кўрсатишни топширган.

Айни пайтда, РИА Новости манбасининг хабар беришича, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Бокудан учган йўловчи самолёти ҳалокатга учрагани сабаб, Россияга ташрифини тўхтатган. Бугун, 25 декабрь куни Ленинград вилоятида МДҲнинг норасмий саммити бўлиб ўтади, унда Алиев иштирок этиши керак бўлган, бироқ у Озарбайжонга қайтишга қарор қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ