Эрон президентининг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида 20 дан ортиқ ҳужжат имзоланди

Масуд Пезешкиян (чапда) ва Эмомали Раҳмон. president.ir сайти фотосурати

Эрон президенти Масуд Пезешкияннинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида турли соҳалардаги ҳамкорликка оид 20 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, қуйидаги ҳужжатлар имзоланган:

👉 икки давлат раҳбарларининг қўшма баёноти;

👉 Эрон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури;

👉 Тожикистон Транспорт вазирлиги ва Эроннинг Портлар ва дарё кемалари ташкилоти ўртасида Чобаҳор порти орқали юк транзитини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик дастури;

👉 2025-2027 йилларга мўлжалланган саноат ва янги технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлар ўртасидаги меморандумни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси;

👉 икки давлатнинг соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимояга масъул бошқармалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми ҳамда ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича қатор меморандумлар бўйича қўшма ҳаракатлар дастури.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 16 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эрон билан икки томонлама муносабатларда савдо-иқтисодий соҳани устувор йўналишлар деб атади. 2024 йили мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш 50 фоизга ошган. Айни пайтда Тожикистонда Эрон сармояси иштирокида 160 та компания фаолият кўрсатмоқда ва 2024 йили ташилган юклар ҳажми аввалги икки йилга нисбатан 3,2 баробарга ошган.

Душанбе Теҳрон билан сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор, деди Раҳмон. Шунингдек, у Тожикистон эркин иқтисодий зоналари имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳар икки давлат манфаатларига мос келишини қайд этди.

Пезешкиян ташрифининг биринчи куни, 15 январда Душанбеда икки давлат хусусий секторлари вакилларининг мулоқоти, яъни бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда икки давлат тадбиркорлари ўртасида умумий қиймати 450 миллион доллардан ортиқ бўлган 13 ҳамкорлик ҳужжати имзоланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ