28 ёшли Қирғизистон фуқароси Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГУР) ходимини ўлдиришга уринишда айбланмоқда. Украинанинг Николаев вилояти прокуратураси хабарига кўра, айблов хулосаси судга тақдим этилган.
Терговчиларнинг сўзларига кўра, судланувчи Қирғизистонда бўлганида Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) томонидан ёлланган. ФХХ ходимининг кўрсатмаларига биноан қирғизистонлик Украинага йўл олган. У дастлаб Николаев вилоятининг Первомайск шаҳрида бўлган. Бу ерда у бир нечта смартфон ва SIM-карталарни сотиб олган ва уларни мунтазам равишда Россия разведка идоралари билан махфий алоқада бўлиш учун алмаштириб юрган.
Кейин ФХХ агенти Киевга йўл олган. У куротордан тўппонча ва ўқ-дорилар сақланадиган яширин жой координаталарини, шунингдек, ўлдириши керак бўлган потенциал «нишон» — украиналик разведка ходимининг фотосуратини олган. Унга шунингдек, бўлажак қурбон қаёрда ва қачон бўлиши ҳам маълум қилинган.
2025 йил ноябрь ойи охирида қирғизистонлик суиқасд пайтида ҳибсга олинган. Ундан қурол ва ўқ-дорилар, шунингдек, ФХХ билан алоқада бўлганлик далиллари бўлган смартфон мусодара қилинган.
Айбланувчининг ҳаракатлари Украина Жиноят кодексининг бир нечта моддалари бўйича таснифланган, жумладан:
▪️ 15-модданинг 2-қисми («Жиноят содир этишга уриниш»);
▪️ 111-2-модданинг 1-қисми («Босқинчи давлатга ёрдам бериш»);
▪️ 115-модданинг 2-қисмининг 6, 11 ва 12-бандлари («Бир гуруҳ шахслар томонидан буюртма асосида ва олдиндан тил бириктирган ҳолда ғаразли ниятда қасддан одам ўлдириш»);
▪️ 263-модданинг 1-қисми («Қонунда назарда тутилган рухсатномасиз ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ёки портловчи моддаларни олиб юриш, сақлаш, сотиб олиш, ўтказиш ёки сотиш»).
Айбланувчи ҳибсда сақланмоқда. У умрбод қамоқ жазосини олиши ва мол-мулкларидан маҳрум бўлиши мумкин.



