Ўзбекистон Европа бозорларига чиқиш учун Дуррес портидан фойдаланишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ва Албания Дуррес портидан Ўзбекистон маҳсулотларини Жанубий Европа ва Ўрта ер денгизи бозорларига чиқаришда логистика хаби сифатида фойдаланиш имкониятини ўрганишга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Келишувга 16 июнь куни Шавкат Мирзиёев ва Албания президенти Байрам Бегай ўртасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида эришилди. Байрам Бегай расмий ташриф билан Тошкентга келди.

Шавкат Мирзиёев учрашувда ушбу саммит икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихида биринчи эканини ва Ўзбекистон билан Албания муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга чиққани таъкидлади. Томонлар сиёсий мулоқот фаоллашгани ва турли даражалардаги алоқалар кўпайганини мамнуният билан қайд этдилар.

Музокараларда асосий эътибор товар айланмасини ошириш масалаларига қаратилди. Томонлар кенг қамровли ҳамкорлик дастурини тайёрлашга келишиб олдилар. Унда қишлоқ хўжалиги, «яшил энергетика», геология, ахборот технологиялари, рақамлаштириш ва туризм асосий йўналишлар сифатида белгиланди.

Учрашувда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини кенгайтириш бўйича қарор қабул қилинди. Иқтисодий ҳамкорликни илгари суриш мақсадида ҳукуматлараро комиссия тузилади. Ушбу комиссиянинг биринчи йиғилиши жорий йили Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган.

Байрам Бегайнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи 17 июнь куни якунланади.

ℹ️ Дуррес порти — Албаниянинг энг йирик порти бўлиб, Дуррес шаҳрида жойлашган. Бу порт мамлакатнинг энг юкламаси юқори бўлган денгиз терминали ҳисобланади ва Адриатика денгизи орқали йўловчи ҳамда автомобил ташувларида муҳим роль ўйнайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ