Туркиядан қарийб 100 нафар Туркманистон фуқароси депортация қилинди. Улар Ашхобод аэропортига етиб келгач, телефонлари олиб қўйилиб, сўроқ қилинган. Бу ҳақда «Азаттык-Азия» ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Туркманистон пойтахтига парвоз қилган самолёт 8 июнь куни Истанбулдан учиб келган. Самолётда фақат депортация қилинган шахслар бўлганми ёки йўқми, бу ҳақда аниқ маълумот берилмаган. Манбаларнинг айтишича, самолёт учишидан олдин Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари ушланганларнинг мобил телефонларини олиб қўйган, улардан парол ва блокдан чиқариш кодларини талаб қилган ҳамда қурилмалардаги маълумотларни текширган.
Шунга ўхшаш жараён Ашхобод аэропортида ҳам ўтказилган. У ерда Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари депортация қилинган фуқароларнинг телефонларини текшириб, уларни сўроқ қилган.
Манбалар маълумотларига кўра, сўроқ давомида депортация қилинган шахсларнинг қайси ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтгани, кимлар билан ёзишмалари борлиги, YouTubeда қандай видеоларни кўриши ва уларга “лайк” босиши текширилган. Шунингдек, мобил қурилмаларнинг IP-манзиллари аниқланиб, электрон почта ҳисоблари ҳам кўздан кечирилган. Бундан ташқари, депортация қилинганларга уларнинг сиёсий қарашлари ва мухолифат тузилмалари билан эҳтимолий алоқалари ҳақида саволлар берилган.
Айрим шахслар мухолифат билан алоқадорлик ёки ҳукуматга ёқмайдиган тадбирларда қатнашганликда гумон қилиниб, Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлиги бўлинмаларига олиб кетилган.
«Азаттык-Азия» қайд этишича, бу маълумотларни расман тасдиқлаш ёки рад этиш имкони йўқ. Чунки Туркманистондан меҳнат миграцияси бўйича расмий статистика ёки умуман эълон қилинмайди, ёки кузатувчилар фикрича, тўлиқ акс эттирилмайди. Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги, Туркманистон Ички ишлар вазирлиги, Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлиги ҳамда Туркманистон Давлат миграция хизмати депортациялар кўлами ҳақида аниқ маълумот бермаяпти.
2022 йилга қадар Туркия Туркманистон фуқаролари визасиз кириши мумкин бўлган дунёдаги ягона давлат бўлган. Расмий маълумотларга кўра, ҳар ой ўртача 20–25 минг нафар туркманистонлик Туркияга келган. Шу билан бирга, Туркия туркман мухолифати фаолиятининг асосий марказларидан бирига ҳам айланган. 2019 йил июль ойида Истанбулда хорижда яшаётган туркманлар «Эркинликка йўл» номли сиёсий тузилмани ташкил этганлар. Уларнинг мақсади ўша пайтдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокаралар ўтказиш, мамлакатда иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш, шунингдек эркин президентлик ва парламент сайловларини ташкил этиш масалаларини илгари суришдан иборат бўлган.
2022 йил сентябрь ойида Туркия ҳукумати Туркманистон илтимосига кўра икки давлат ўртасида визали тартибни жорий қилади. Шу вақтдан бери Анқара туркман ҳукумати билан фаол ҳамкорлик қилиб, айрим фаолларни ватанига қайтариш амалиётини йўлга қўйган. Сўнгги йилларда бир нечта туркман мухолифат фаоллари Туркиядан депортация қилинган. Улар орасида Фарҳод Мейманқулиев, Ровшен Қличев, Сердар Дурдилиев, Мердан Муҳаммедов ва бошқалар бор. Хабарларга кўра, уларнинг айримлари Туркманистонга қайтганидан сўнг қаттиқ таъқибларга учраган. Баъзи фаолларнинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Шунга қарамай, Туркманистон фуқаролари Туркияда яшаш рухсатномасини олган хорижликлар орасида етакчи ўринни сақлаб қолмоқда. Маълумотларга кўра, 2026 йил июнь ҳолатига Туркияда қарийб 190 минг нафар туркманистонлик яшаш гувоҳномасига эга.



