Тожикистоннинг Тоғли-Бадахшон автоном вилояти раҳбари ҳалок бўлди — унинг машинаси дарёга қулаб тушган

Алишер Мирзонабот. avesta.tj сайти фотосурати

Тожикистоннинг Тоғли-Бадахшон автоном вилояти раҳбари Алишер Мирзонабот йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди. Унинг хизмат автомашинаси Пянж дарёсига қулаб тушгани ҳақида республика Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлик маълумотига кўра, ҳодиса 17 июнь куни тахминан соат 10:40 да содир бўлган. Toyota Land Cruiser ҳайдовчиси юқори тезликда Душанбе — Хорог йўналишида ҳаракатланган. Дарвоз туманидаги Зигар ва Яхчисар қишлоқлари оралиғида у бошқарувни йўқотиб, муҳандислик-чегара тўсиғига урилиб кетган. Автомобиль икки устунни ағдариб, сим тўсиқни бузиб ўтиб, Пянж дарёсига қулаб тушган.

Тергов маълумотларига кўра, транспорт воситасида Алишер Мирзонабот, унинг турмуш ўртоғи ва икки яшар қизалоғи, шунингдек, ҳудуд раҳбари ёрдамчиси Садоншо Жаналбишоев ҳамда ҳайдовчи Сино Муборакшоев бўлган.

Ҳодиса жойида давлат рақам белгиси ва транспорт воситасининг айрим қисмлари топилган. Қутқарувчилар жасадларни қидириш ишларини давом эттирмоқда, чунки “қизғин излар орқали” олиб борилган дастлабки қидирувлар натижа бермаган. Фавқулодда вазиятлар қўмитаси (ФВҚ) маълум қилишича, ҳодиса пайтида хизмат автомашинасида беш киши бўлгани тасдиқланган.

Эмомали Раҳмон топшириғига кўра, ҳодиса жойига Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймумин Ятимов, Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбари Ражабали Раҳмонали ҳамда бошқа масъуллар етиб келган. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ушбу ҳолат бўйича тергов ишлари давлат раҳбари шахсий назоратида олиб борилмоқда.

17 июнь куни Эмомали Раҳмон ҳамда парламент ва бошқа қатор давлат амалдорлари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

ℹ️ Алишер Мирзонабот 2021 йил ноябридан бери Тоғли-Бадахшон автоном вилояти раҳбари лавозимида фаолият юритган. Шу билан бирга у Тожикистон парламентининг юқори палатаси раис ўринбосари ҳам бўлган. Ушбу лавозимга тайинланишидан олдин у ҳудудий марказ — Хоруғ шаҳри мэри сифатида ишлаган, 2018 йилгача эса Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари ўринбосари бўлган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фикрича, Мирзонаботнинг ҳокимиятга келиши билан Тоғли-Бадахшон автоном вилоятида вазият кескинлашган, норозиликлар юзага келган ва бу ҳолатлар репрессиялар ҳамда “махсус операциялар” билан кузатилган, оқибатда қурбонлар бўлган. Бироқ расмий ҳукумат уни ҳудудда тартиб ўрнатган раҳбар сифатида юқори баҳолаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ