Ҳуқуқ ҳимоячилари Европа Иттифоқини Қосим-Жомарт Тўқаев билан инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама қилишга чақирди

t.me/aqorda_resmi/ фотосурати

Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Брюсселга расмий ташрифи арафасида халқаро ва қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Европа Иттифоқи раҳбариятини мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ва сиёсий сабабларга кўра таъқиблар масаласини қатъий ҳамда изчил тарзда кўтаришга чақирди.

Бу ҳақда Халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича шериклик ва Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари бюроси томонидан тайёрланган қўшма мактубда сўз боради.

Мазкур мурожаат Антониу Кошта, Урсула фон дер Ляйен ҳамда Кая Калласга йўлланган.

Мактуб муаллифлари конституциявий ислоҳот танқидчиларининг таъқиб қилинаётгани, мустақил оммавий ахборот воситалари, журналистлар, блогерлар ва мухолифат фаолларига босимнинг кучайиши ва интернетда сўз эркинлигининг чекланаётгани ҳақида хабар беришади. Улар Orda.kz бош муҳаррири Гулнора Бажкенова ва “КазТАГ” ахборот агентлиги бош муҳаррири Амир Касеновга қарши қўзғатилган жиноий ишларни, шунингдек, фаоллар Марат Жиланбаев, Думан Муҳаммадкарим ва бошқа фуқаролик жамияти вакилларининг судланганлигини тилга олишади

Бундан ташқари, мактубда нодавлат ташкилотлар устидан назорат кучайгани, тинч йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқи чекланаётгани ҳамда «ЛГБТИК+ тарғиботи» деб аталувчи фаолиятни тақиқлаш чоралари қабул қилинганидан сўнг ЛГБТИК+ фаолларига босим кучайгани қайд этилган. Шунингдек, 2022 йил январь воқеалари вақтида инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини тергов қилишда ҳам, Айдос Садиқовнинг Киев шаҳрида ўлдирилиши иши бўйича ҳам сезиларли тараққиёт кузатилмаётгани алоҳида таъкидланган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Европа Иттифоқи ва Қозоғистон ўртасида энергетика, муҳим хомашё, рақамлаштириш ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш инсон ҳуқуқлари ҳисобига бўлмаслиги кераклигини таъкидлайдилар.

Шу муносабат билан улар Европа Иттифоқи раҳбарларини тинч жамоатчилик фаолияти учун судланган шахсларни озод қилишга кўмаклашишга, журналистлар ва фаолларга нисбатан жиноят қонунчилигидан суиистеъмол қилиб фойдаланиш амалиётига қарши чиқишга ҳамда инсон ҳуқуқларининг оғир бузилишларида айбдор бўлганларни жавобгарликка тортишни талаб қилишга чақирди.

Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Брюсселга расмий ташрифи 22–23 июнь кунларига режалаштирилган. Ташриф доирасида Қозоғистон раҳбари Антониу Кошта ва Урсула фон дер Ляйен билан музокаралар ўтказади.

Томонлар Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар. Бельгия Бош вазири Барт Де Вевер билан учрашув, шунингдек, Тўқаевнинг Европа бизнеси вакиллари иштирокида Қозоғистон-Европа Иттифоқи давра суҳбатида иштирок этиши режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ