Россия чегарасини кесиб ўтишда қўлланилаётган биометрик идентификация тизими мамлакатга 60 мингга яқин хорижликнинг киришига йўл қўймади. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев маълум қилди, деб хабар берди ТАСС.
Вазирнинг айтишича, янги технологиялар Россия ҳудудига кириш пунктларида шахсий маълумотларни йиғиш бўйича ўтказилаётган эксперимент доирасида фаол жорий этилмоқда. Ҳозирга қадар Россияга кириши тақиқланган қарийб 60 минг нафар мигрант аниқланган ва шу сабабли улар чегара назоратидан ўта олмаган.
ИИВ раҳбари қўшимча қилишича, вазирлик томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида хорижликлар томонидан содир этилган жиноятлар сони қарийб 40 фоизга камайган. Шу билан бирга, миграция сиёсати доирасида ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўплигини ҳам полиция генерали таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, назоратдаги шахслар реестрини юритиш амалиёти муҳим аҳамиятга эга. Чунки «қора рўйхат»га киритилиш қонунбузарларга нисбатан жиддий ҳуқуқий чекловлар қўлланилишини назарда тутади.
«Ноқонуний мигрантларни аниқлаш мақсадида ички ишлар органларига уларнинг қаерда эканини аниқлаш бўйича қўшимча ваколатлар берилган. Бунда геолокация маълумотлари, тўлов тизимлари, фото ва видеофиксация воситалари маълумотларидан ҳам фойдаланилади», — деди Колокольцев.
Ўтган йил октябрь ойида Россия президенти Владимир Путин 2026–2030 йилларга мўлжалланган Давлат миграция сиёсати концепциясини тасдиқлаган эди. Ҳужжатда хорижликларнинг шахсини ва малакасини мажбурий тарзда текшириш тартибларини жорий этиш, жумладан биометрик маълумотларни йиғиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, таълим даражаси, касбий тажрибаси ва бошқа маълумотларни тасдиқлаш назарда тутилган.
Россия ҳукумати замонавий технологияларни фаол жорий этиш ниятида эканини билдирган. Хусусан, мамлакатга кираётган ва Россия ҳудудида бўлиб турган барча мигрантлар учун «рақамли профиль» яратиш режалаштирилган. Шу билан бирга, биометрик маълумотлар — суратлар ва бармоқ изларини — нафақат чегарада, балки Россиядан ташқарида ҳам махсус дастурлар, жумладан сунъий интеллект технологиялари ёрдамида йиғиш кўзда тутилган.
Ўша йилнинг ноябрь ойидаёқ Колокольцев биометрик идентификация бўйича экспериментал тартиб жорий этилиши сохта ҳужжатлар билан мамлакатга киришга уринган хорижликлар учун тўсиқ бўлганини айтган эди. Унинг таъкидлашича, бундай амалиёт келгусида янада кенгайтирилади.



