Қозоғистонлик журналист Луқпан Ахмедяровга мамлакатдан чиқиш тақиқланди

Видеодан скриншот

Қозоғистонлик журналист, мустақил «Уральская неделя» нашрининг собиқ бош муҳаррири Луқпан Ахмедяровни мамлакатдан чиқиши тақиқлангани сабабли Қозоғистондан чиқаришмади. Бу ҳақда у Facebookдаги саҳифасида маълум қилди.

Ахмедяровнинг сўзларига кўра, у оиласи билан Черногорияга дам олиш учун учиб кетмоқчи бўлган, бироқ Остона аэропортида паспорт назоратидан ўта олмаган. Журналистнинг таъкидлашича, сафар арафасида у eGov портали ва Адлия вазирлиги сайти орқали мамлакатдан чиқишга нисбатан чекловлар мавжуд ёки йўқлигини махсус текширган ва ҳеч қандай тақиқни аниқламаган. Бироқ, 3 август куни Остона аэропортида чегара хизмати ходимлари унинг мамлакатдан чиқишига рухсат беришмаган.

«Чегарачи менга Қозоғистон Республикаси ҳудудини тарк этиш тақиқланганини айтди. Паспортимни қайтариб беришди. (...) Шунингдек, чиқишни тақиқлаш ташаббускори Остона полиция бошқармаси эканини ҳам маълум қилишди», — деб ёзади журналист.

Унга чеклов жорий этилишининг сабаблари тушунтирилмаган.

Луқпан Ахмедяров — сўнгги йилларда бир неча бор босим ва таъқибларга дуч келган таниқли мустақил журналист. У 2022 йилдан буён «Просто журналистика» номли YouTube-каналини юритиб келади. Ушбу канал фаолияти давомида бир неча марта блокланган.

2025 йил апрель ойида Ахмедяров олдиндан ёлғон экани маълум бўлган ахборотни тарқатиш иши доирасида Остонада ушланиб, сўроқ қилинган. У мазкур иш бўйича ҳимоя ҳуқуқига эга гувоҳ мақомида қатнашган. Бунга Россияда ишга жойлаштириш баҳонасида Қозоғистон фуқароларини Россия Мудофаа вазирлиги билан Украинага қарши урушда иштирок этиш учун шартнома имзолашга мажбурлашгани ҳақидаги нашр этилган материал сабаб бўлган. Кейинчалик журналист устидан ариза ёзган аёл буни полиция босими остида қилганини маълум қилган.

2026 йил март ойида Ахмедяров Украинадан қайтгач, ўзи ва яна икки нафар ҳамкасби Остона аэропортида ушланганини маълум қилган. Журналистнинг сўзларига кўра, фуқаролик кийимидаги ходимлар буни Европа ва Украинадан келаётган фуқаролар билан «тушунтириш суҳбати» ўтказиш зарурати билан изоҳлаган. Тахминан 40 дақиқадан сўнг улар қўйиб юборилган.

Жорий йил июнь ойи охирида Ахмедяров Россия ҳокимияти томонидан Россия Қуролли кучлари ҳақида қасддан ёлғон ахборотни тарқатганликда айбланиб, давлатлараро қидирувга берилганидан сўнг Уралск шаҳрида қисқа муддатга ушланган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ