Хитой Қирғизистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар соф оқими бўйича етакчи бўлди

2025 йил якунларига кўра, Хитой Қирғизистондаги энг йирик инвесторга айланди ва биринчи ўриндан Россияни суриб чиқарди. Бу ҳақда Economist.kg Евроосиё иқтисодий комиссияси маълумотларига таяниб хабар берди.

Қирғизистонга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми 335,4 миллион АҚШ долларига етди, бу 2024 йилги кўрсаткичдан 31,4 фоизга кўпдир. Хитой 305,7 миллион доллар миқдорида инвестиция киритган. Кейинги ўринларни Нидерландия (69,5 миллион доллар), Россия (56,3 миллион доллар), Туркия (48,6 миллион доллар), Кипр (26 миллион доллар), Қозоғистон (25,6 миллион доллар) ва Буюк Британия (24,3 миллион доллар) эгаллаган.

Шу билан бирга, 2024 йилда инвестициялар ҳажми 255,3 миллион долларни ташкил этган бўлиб, бу аввалги йилги 159,2 миллион долларлик кўрсаткичдан 60,4 фоизга кўп бўлди. Россия биринчи ўринни сақлаб қолган ва инвестиция ҳажмини 161,9 миллион долларга етказганди. Қозоғистон ўз инвестицияларини 100,8 миллион долларгача оширган, учинчи йирик инвестор эса 75,7 миллион доллар билан Люксембург бўлган.

Икки йил ичида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф ҳажми 176,2 миллион долларга ошди, бу 110,7 фоизлик ўсишга тенг.

Қайд этиш лозим, Хитой икки йил давомида соф капитал чиқими, яъни иқтисодий шароитлар ўзгариши ёки лойиҳалар якунланиши сабаб инвесторлар томонидан маблағларни олиб чиқиш ҳолатидан сўнг етакчи инвесторга айланди. 2023 йилда Хитой бўйича кўрсаткич —72,7 миллион долларни, 2024 йилда эса —77,8 миллион долларни ташкил этган. 2025 йилда эса бу кўрсаткич кескин ўзгариб, 305,7 миллион доллар миқдоридаги энг йирик инвестиция оқимига айланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ