«Насаф» Осиё чемпионлар лигасида Марказий Осиё клубларининг мағлубиятсиз сериясини давом эттирди

«Ал-Халдия» — «Насаф» учрашувидан лавҳа. «Насаф» ФК фотосурати

Қарши шаҳрининг «Насаф» футбол клуби Осиё чемпионлар лигаси-2 гуруҳ босқичининг биринчи турида Баҳрайннинг «Ал-Халдия» клуби билан дуранг ўйнади. 16 сентябрь куни Баҳрайннинг Риффа шаҳридаги Миллий стадионда бўлиб ўтган учрашув 0:0 ҳисобида якунланди.

Мезбонлар учрашувни фаол бошлаб, Абдуваҳид Неъматов дарвозаси яқинида бир нечта хавфли вазиятлар яратди. Бироқ, «Насаф» дарвозабони ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Қаршиликлар сафида Ойбек Рустамов ва Акром Комилов хавфли зарбалар йўллади. Танаффус арафасида Бобур Абдихолиқов боши билан зарба берди, аммо жамоалардан ҳеч бири ҳисобни оча олмади.

Иккинчи бўлимда «Ал-Халдия» босимни давом эттирди, учрашув якунига яқин эса «Насаф» ғалаба голини уриш учун бир нечта имкониятга эга бўлди.

«А» гуруҳининг бошқа бир учрашувида БААнинг «Ал-Ваҳда» клуби ўз майдонида Қувайтнинг «Ал-Қувайт» жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Меҳмонлар дастлабки саккиз дақиқа ичида 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди, бироқ «Ал-Ваҳда» ҳисобни тенглаштирди, 97-дақиқада эса Кристиан Бентеке ғалаба голини урди. Биринчи турдан сўнг Абу-Даби жамоаси уч очко билан пешқадамлик қилмоқда, «Насаф» ва «Ал-Халдия» ҳисобида эса бир очкодан бор.

«Насаф» кейинги учрашувини 14 октябрь куни Қаршида «Ал-Ваҳда»га қарши ўтказади.

Жорий мавсумда Ўзбекистон клублари умуман олганда Осиё мусобақаларида муваффақиятли старт олди. Осиё чемпионларининг элита лигасида Фарғонанинг «Нефтчи» клуби ўз майдонида Ироқнинг «Эйр Форс» жамоасини мағлуб этди. «Пахтакор» эса Жидда шаҳрида мусобақанинг амалдаги ғолиби «Ал-Аҳли» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.

Осиё чемпионлар лигаси-2да Туркманистоннинг «Аркадаг» клуби ҳам мусобақани муваффақиятли бошлади. Биринчи турда у ўз майдонида Баҳрайннинг «Ал-Муҳаррақ» жамоасини мағлуб этди.

Қайд этиш жоиз, ўтган мавсумда «Насаф» Осиё чемпионларининг элита лигасида иштирок этганди. Қарши клуби мусобақанинг умумий босқичида саккизта учрашув ўтказиб, тўрт очко жамғарди ва плей-офф босқичига чиқа олмади. «Насаф» ягона ғалабасини сўнгги турда БААнинг «Шаржа» клуби устидан қозонганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ