Қозоғистон Киевдан Қора денгиздаги танкерларга ҳужумларни бас қилишни сўради

cpc.ru сайти фотосурати

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди Киевни Қора денгиздаги Қозоғистон кемаларига дронлар орқали ҳужумларни бас қилишга чақирди. Бу ҳақда Тлеуберди Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеяси сессияси доирасида украиналик ҳамкасби Андрей Сибига билан учрашувдан сўнг ulysmedia.kz нашрига маълум қилди.

«Энг аввало, Украина томони билан келгусида Қора денгиздаги кемаларимизга дронлар орқали ҳужумлар содир этилишига йўл қўймаслик зарурлиги ҳақида гаплашдик», — деди Қозоғистон Ташқи ишлар вазири.

У Нью-Йоркда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан ҳам икки томонлама музокаралар ўтказганини, шунингдек Россия томонини Украина билан музокаралар ўтказишгага чақирганини айтди.

«Агар ҳар икки томон Қозоғистонда музокаралар ўтказиш истагини билдирса, биз бунга қарши эмасмиз. Аммо бизнинг фикримизча, бу масала фақат икки давлат ўртасида ҳал қилиниши керак. Чунки масъулият жуда катта. Ҳеч бир воситачи аралашиб, бу масалани ташқаридан ҳал қила олмайди», — деди Тлеуберди.

Аввалроқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Қозоғистон нефти экспорти инфратузилмасига дронлар орқали ҳужумлар уюштирилишини қоралашини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, бундай ҳужумлар фуқаролик кемачилигига хавф туғдиради, халқаро савдони бузади ва жаҳон энергетика таъминоти барқарорлигига таҳдид солади.

2026 ва 2025 йилларда Қора денгиздаги Каспий қувурлар консорциуми (КҚК) инфратузилмаси Украина дронларининг бир неча бор ҳужумларига учради. Бунинг оқибатида нефть юклаш ишлари тўхтатилди, Қозоғистон эса углеводород қазиб олиш ҳажмини камайтиришга мажбур бўлди.

12 август куни Financial Times ўз манбаларига таяниб, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнснинг тегишли илтимосидан сўнг Украина Новороссийскдаги КҚК терминалидан фойдаланаётган танкерларга зарба беришни тўхтатгани ҳақида хабар берганди.

Нашр маълумотларига кўра, Киев КҚК инфратузилмаси ва Россияга тегишли бўлмаган, Украина санкциялари остида бўлмаган ҳамда Россия нефти ёки юкларини ташимайдиган кемаларга ҳужум қилмасликка рози бўлган.

ℹ️ Каспий қувурлар консорциуми Қозоғистоннинг учта энг йирик кони — Тенгиз, Қашаған ва Қорачиғаноқдан қазиб олинадиган нефтни Новороссийск яқинидаги денгиз терминалига етказиб беради. 2025 йилда КҚК орқали қарийб 70,5 миллион тонна нефть ташилган. Бу ҳажмнинг 75 фоиздан кўпроғи хорижий юк жўнатувчилар ҳиссасига тўғри келган. Уларнинг энг йириклари қаторида «Тенгизшевройл» (Chevron), ExxonMobil, «ҚазМунайГаз», Eni ва Shell бор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ