Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига сафари давомида умумий қиймати 7,8 миллиард долларлик 145 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Ташаббуслар иқтисодиётнинг турли тармоқларини, жумладан, нефть-кимё, тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, машинасозлик, рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни қамраб олади, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Таъкидланишича, қиймати 654 миллион доллардан зиёд бўлган 55 та ташаббусни амалга ошириш ишлари бошланган, яна 7,1 миллиард долларлик 90 та лойиҳа доирасида зарур объектлар қурилишига киришилган.
Маҳаллий тадбиркорлар ва халқаро молия институтлари билан бир қаторда АҚШ, Канада, Германия, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Хитой, Вьетнам, Туркия, БАА, Саудия Арабистони, Россия ва Ҳиндистон инвесторлари ҳам минтақа иқтисодиётига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Экспертлар прогнозларига кўра,
юқорида қайд этилган лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 14 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади, йилига 22 триллион сўмлик (1,8 миллиард доллар) янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва 510 миллион долларлик экспорт таъминланади.
Бухоро вилоятида «яшил» энергетика соҳасидаги қувватлар фаол кенгайтирилмоқда. Сўнгги икки йилда ушбу соҳага 2 миллиард доллар инвестиция жалб қилинди. Умумий қуввати 1,75 минг МВт бўлган шамол ва қуёш электр станциялари, қуввати 63 МВт бўлган энергия сақлаш тизимлари ишга туширилди, 600 километрдан ортиқ магистрал электр тармоқлари ётқизилди.
Шу билан бирга, Ғиждувон туманида Саудия Арабистонининг Acwa компанияси иштирокида қуввати 300 МВт бўлган «Бош-2» шамол электр станцияси қурилиши давом этмоқда. Жондор ва Пешку туманларида Япониянинг Toyota ҳамда Хитойнинг Sinoma компаниялари қуввати 1000 МВтгача бўлган шундай объектларни қурмоқда. Бундан ташқари, Когон туманида Хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда маиший чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқарадиган, қиймати 165 миллион долларлик заводни ишга тушириш режалаштирилган. Германиянинг Leman компанияси кўмагида эса тез орада Амударё–Бухоро канали насос станцияларининг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган 150 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади.
Вилоятнинг пахта етиштириш борасидаги тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, бу ерда тўқимачилик кластерлари ривожлантирилмоқда. Жумладан, Бухоро шаҳри ва Ромитан туманида шундай кластерлар ташкил этилмоқда. Иккинчи ҳолатда хитойлик тадбиркорлар лойиҳага 400 миллион доллар инвестиция киритишга тайёр. Шунингдек, хорижий ҳамкорлар 9 минг гектар ерни ўзлаштиришни таклиф қилган. Бу қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар улушини 65 фоизга етказиш ва экспортни 100 миллион долларга ошириш имконини беради.
Бухоро Ўзбекистоннинг энг йирик сайёҳлик марказларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳокимият вакиллари минтақанинг сайёҳлар учун жозибадорлигини оширишда давом этмоқда. Шу мақсадда «Боқий Бухоро» маданий-этнографик боғи, замонавий меҳмонхоналар ва кўнгилочар масканлар барпо этилмоқда. Хусусан, бу ерда Indigo, Hilton ва Holiday Inn халқаро брендлари остидаги меҳмонхоналарни очиш режалаштирилган.
«Умуман, Бухорода қиймати 3 миллиард долларлик 19 та йирик лойиҳани бошлаймиз. Агар бу ишларни тизимли ташкил қилсак, биргина Бухоронинг ўзида бемалол 5 миллиард долларлик туризм хизматлари экспортини таъминлаймиз», — деди Мирзиёев.
Вилоятда сув таъминотини яхшилаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар режалаштирилган. Хусусан, бу йўналишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда 633 миллион долларлик ташаббуслар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида 781 минг киши илк бор ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, йўлларни модернизация қилиш ва қуриш ишлари амалга оширилади, бу мақсадларга тахминан 565 миллион доллар инвестиция киритилади.
Президент, шунингдек, Бухорода хорижий делегациялар иштирокидаги олий даражадаги учрашувлар ва саммитларни ўз ичига олган йирик халқаро тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Республика раҳбари таъкидлашича, шаҳар ва вилоят меҳмонлари ҳақидаги илк таассурот аэропорт, вокзаллар ва йўлларда шаклланади. Шу боис қиймати 300 миллион долларлик янги аэропорт қурилиши, шунингдек, уни шаҳар билан боғлайдиган узунлиги 23,5 километрлик автомобиль йўли барпо этиш ишлари батафсил муҳокама қилинди.
Мирзиёев маҳаллий мулозимларга темир йўл вокзаллари ҳудудларини ободонлаштириш, автотураргоҳлар, ёритиш тизими, хизмат кўрсатиш сифати ва жамоат транспорти фаолиятини яхшилаш билан жиддий шуғулланишни топширди. Бухоронинг иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда яшил ҳудудларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Дарахт экиш билан бир қаторда, кўчатларни парваришлаш учун зарур бўлган суғориш ва дренаж тизимларини ҳам яратиш лозимлиги таъкидланди.
Бухоро вилоятига сафари доирасида Шавкат Мирзиёев Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди, конгресс-холл ва замонавий меҳмонхоналар қурилиши, Қўшмадраса меъморий мажмуасини реставрация қилиш ишлари, шунингдек, вьетнамлик ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган шаҳарсозлик лойиҳалари билан танишди.



