Толиблар адлия вазирлиги 14 ноябрь куни Кобулнинг ғарбидаги «Хотам ан-Набиййин» хусусий шифохонасини муҳрлаб қўйди. Клиника эгаси Муҳаммад Жавод Моҳсенийнинг сўзларига кўра, бунга вазир Абдул Ҳаким Шараъийнинг шифохона бошқарувини унга топшириш ҳақидаги талаби сабаб бўлган. Вазир талаб рад этилган тақдирда муассаса фаолиятини тўхтатиш билан таҳдид қилган, деб хабар бермоқда Hasht-e Subh.
Моҳсений талабни бажаришдан бош тортганини, чунки клиникани Адлия вазири бошқарувига топшириш учун ҳеч қандай қонуний асос бўлмаганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, шифохона ижарага олинган бинода жойлашган ҳамда сиёсий партияларга эмас, шиалар жамоасига алоқадор бўлган. Мулкдор клиниканинг ёпилишини шиа муассасаларига нисбатан босимнинг давоми деб ҳисоблайди. 15 ноябрга келиб ҳам вазирлик ушбу қарорига оммавий тарзда изоҳ бермади.
Шифохона қарийб 15 йил давомида фаолият юритган. Унда, хусусан, буйрак касалликлари даволаниб, урологик ёрдам кўрсатилган. Муассаса ёпилгач, 50 га яқин ходим ишсиз қолди, деб маълум қилади Amu TV телеканалига суҳбатдошлар, улар орасида клиника шифокорлари ҳам бор эди.
Умуман олганда, кўплаб мамлакатларда террорчилик ташкилоти деб тан олинган ҳамда Афғонистонда ҳукмронлик қилаётган «Толибон» диний ҳаракати қўмондонлари ўз хоҳиш ва истакларига кўра ўзгаларнинг ёки давлатнинг мулкини бемалол тасарруф этишмоқда. Сўнгги вақтларда Афғонистонда шиа диний жамоаси вакилларидан мол-мулк ва бизнесни тортиб олиш ҳолатлари янада кўпайди.
2026 йилнинг сентябрь ойида ҳокимият Кобулдаги шу номдаги хусусий университет ва унинг Ғазнадаги филиали лицензиясини бекор қилган эди. Олий таълим вазирлиги ўқув ҳамда маъмурий қоидаларнинг бузилганини рўкач қилди. Университетга ҳам эгалик қилган Моҳсений бу айбловларни рад этиб, қарорни муассисларнинг диний мансублиги билан боғлади. Ўша ойда БМТ миссияси Кобулнинг ғарбида асосан шиалар жамоасига хизмат кўрсатган еттита муассаса ёпилганини қайд этди.
Бир кун аввал Кобул университетида машғулотлар бир ҳафтага тўхтатилди, толиблар тарафдорлари йиғинига келган иштирокчиларни жойлаштириш учун эса талабалар, Hasht-e Subh маълумотларига кўра, ётоқхонадан чиқариб юборилган. Ҳаракат етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода фармонлари ижросига бағишланган учрашув 16 ноябрга Лоя Жирға залида белгиланган. Университетнинг барча бинолари ташриф буюрувчиларни жойлаштириш учун ажратилган.



