Тошкентда ноқонуний казино ва танишув сайтларининг колл-марказлари фош этилиб, 72 киши қўлга олинди

kun.uz сайтидан олинган фото

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иккита яширин колл-марказ фаолиятига чек қўйди. Уларнинг иштирокчилари ноқонуний онлайн-казиноларга хизмат кўрсатиш ҳамда интернет орқали фирибгарлик қилишда гумон қилинмоқда. Ўтказилган амалиётлар давомида 72 нафар шахс қўлга олинди, 110 минг АҚШ доллари миқдоридаги нақд пуллар ҳамда юзлаб электрон қурилмалар мусодара қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон пойтахти Ички ишлар бош бошқармасининг матбуот хизмати хабар беради.

Биринчи колл-марказ Фарғона йўли кўчасидаги гумонланувчилар томонидан ойига 9 минг АҚШ долларига ижарага олинган хусусий хонадонда аниқланди. Тергов маълумотларига кўра, у ерда фаолият юритган 52 нафар шахс ноқонуний онлайн-казино ва букмекерлик идоралари учун тўловларни қабул қилиб, маблағларни банк карталари орқали ўтказиб келган. Ҳуқуқ-тартибот органлари гуруҳ аъзолари шу йўл билан жиноий даромадларни легаллаштириш (пул ювиш) билан шуғулланган деб ҳисобламоқда. Тинтув чоғида 110 минг АҚШ доллари нақд пул, 71 та ноутбук, 278 та уяли телефон ва Starlink сунъий йўлдош интернетининг учта терминали олиб қўйилди.

Иккинчи марказ Катта Миробод кўчасида, ойлик ижара ҳақи 2 минг АҚШ доллари бўлган бинода фаолият юритган. Бу ерда яна 20 нафар шахс қўлга олинди. Тергов талқинига кўра, улар ўзларини аёл сифатида таништириб, интернетда эркаклар билан танишган ва романтик муносабатлар баҳонасида уларнинг пулларини ўзлаштирган. Бинодан 24 та ноутбук, планшет, 52 та телефон ва тўртта симсиз алоқа қурилмаси топилди.

ИИББ ходимлари аниқлашича, ҳар иккала гуруҳ раҳбарлар, бошқарувчилар, операторлар ва қўриқчилардан иборат аниқ ташкилий тузилмага эга бўлган. Уларнинг фаолияти билан боғлиқ криптоактивлар айланмаси 576 минг АҚШ долларига баҳоланди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 278-8-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

2025 йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда иккитаси Фарғонада, биттаси Тошкентда жойлашган учта фирибгарлик колл-маркази тармоғи фош этилгани ҳақида хабар берилган эди. Ўшанда 32 киши қўлга олинганди. Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари сифатида таништирган ва Россия фуқароларига улар харид қилган биологик фаол қўшимчалар учун компенсация ваъда қилиб, пулларини чув туширган. Жабрланувчиларга гўёки тегишли бўлган тўловларни олиш учун олдиндан кўрсатилган ҳисобрақамларга пул ўтказиш таклиф этилган.

2025 йил 1 январдан Ўзбекистонда онлайн-казино ва букмекерлик идоралари фаолияти қонунийлаштирилди. Бироқ Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги илк лицензияларни фақат 2026 йилнинг июль ойида иккита компанияга тақдим этган. Шу билан бирга, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 46-моддаси қимор ўйинларини, жумладан, лицензияга эга операторлар хизматларини ҳам тарғиб қилишни тақиқлайди. Оқибатда қонуний компаниялар мижозларни жалб этиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолмоқда, ўйинчилар эса Ўзбекистонда ишлаш рухсатномасига эга бўлмаган, ўзларига эскидан таниш хорижий букмекерлик идоралари хизматларидан фойдаланишда давом этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ