Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази Эрмитаж билан битим тайёрламоқда

Эрмитаж ва Ислом цивилизацияси маркази. Фото: ИЦМ

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Санкт-Петербургдаги Давлат Эрмитажи билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолашни режалаштирмоқда. Келишув биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, кўргазмалар ташкил этиш ва музей ишини ривожлантиришни назарда тутади. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати ИЦМ директорининг илмий маслаҳатчиси Турсунали Қўзиевга таянган ҳолда хабар бермоқда.

Ҳужжат тайёрланаётгани ҳақида Қўзиев 12–13 ноябрь кунлари Москвада бўлиб ўтган «Келажакни яратиш» III халқаро симпозиумида сўзлаб берди. Тадбирда 100 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этди. Меморандумни имзолаш муддатлари ҳозирча очиқланмаган.

Шарқ қўлёзмалари, архив ҳужжатлари ва бошқа тарихий манбаларни ўрганиш ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бирига айланади. Шунингдек, томонлар археологик тадқиқотлар ўтказиш, рақамли музей коллекцияларини яратиш ва мультимедиа дастурларини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Бундан аввал Эрмитаж мутахассислари иштирокида Марказ ҳузурида реставрация бўлими ҳамда илмий-тадқиқот лабораториясини очиш имконияти муҳокама қилинган эди.

Қўзиевнинг таъкидлашича, Марказ Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти, Россия Миллий кутубхонаси, Қозон федерал университети, Россия мусулмонлари диний идораси ва «Россия» миллий маркази билан ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистон томони Марказий Осиё тарихи, археология, исломшунослик ва санъат тарихи йўналишларида россиялик мутахассислар тажрибасидан фойдаланишдан манфаатдор.

2026 йил октябрь ойида Ислом цивилизацияси маркази БРИКС+ илмий-технологик музейлар альянсига қўшилди. Ўшанда мутахассислар алмашинувини ҳамда қўшма илмий-маърифий лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи 2027–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик «йўл харитаси» ҳам муҳокама қилинган эди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон пойтахтида Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуаси ёнида барпо этилган. Бино ўрта аср меъморий обидалари услубида қад кўтарган бўлиб, баландлиги 34 метрдан иборат тўртта пештоққа ва 65 метрлик марказий гумбазга эга. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли конференция зали ҳамда экспозициялари Ўзбекистоннинг бутун тарихини — исломгача бўлган даврлардан то бугунги кунгача қамраб олган музей мавжуд. ИЦМ аждодлар меросини ўрганиш ва уни Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, шунингдек, дунё бўйлаб илмий-маърифий марказлар билан ҳамкорликда замонавий идрок этиш майдонига айланиши лозим.

Мавзуга оид барча материаллар билан махсус сюжетда танишиш мумкин: Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ