«Самрук-Казина» жамғармаси бошқаруви раиси Нурлан Жакупов ҳамда «Қозоғистон темир йўллари» (ҚТЙ) раҳбари Елжас Отиншиев коррупция жиноятини содир этганликда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Tengrinews.kz сўровига жавобан Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) маълум қилди.
Идора маълумотларига кўра, ҳар икки раҳбар ҳам 12 ноябрь куни вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Орадан икки кун ўтиб, тергов суди уларни қамоққа олишга санкция берди.
Маҳкама Қозоғистон Жиноят-процессуал кодексининг судгача тергов маълумотларини ошкор қилишни чекловчи 201-моддасига таянган ҳолда ишнинг бошқа тафсилотларини очиқламади.
Жакупов ва Отиншиевнинг МХҚ томонидан ушлангани ҳақида ўтган ҳафтада маълум бўлган эди. Ўшанда идора Коррупцияга қарши курашиш хизмати томонидан бошқа шахслар ҳам қўлга олинганини (айнан кимлар экани аниқлаштирилмаган) билдирганди.
Отиншиев ҚТЙга тўрт ойдан камроқ вақт олдин раҳбар бўлган — у ушбу лавозимга 2026 йилнинг июль ойида тайинланганди. Нурлан Жакупов эса «Самрук-Казина» жамғармасини 2023 йилнинг апрелидан буён бошқариб келаётган эди.
Ҳибсга олишлар фонида ижтимоий тармоқларда Остонадаги Қўнаев кўчасида жойлашган турар жой мажмуаси яқинида сочилган доллар боғламлари акс этган видеолар тарқалди. Нашрларда бу пуллар «Самрук-Казина» ва ҚТЙ раҳбарларига нисбатан терговга боғлиқ бўлиши мумкинлиги таъкидланди. Шунингдек, тинтув пайтида нақд пул солинган сумка ва чамадонларни қўлга олинганлардан бирининг турмуш ўртоғи деразадан улоқтиргани ҳақидаги тахмин ҳам пайдо бўлди. Бироқ бу маълумот ҳам, топилган пулларнинг тергов билан боғлиқлиги ҳам расман тасдиқланмаган.
13 ноябрь куни президент Қасим-Жомарт Тўқаев Хавфсизлик кенгашининг тезкор йиғилишини ўтказиб, унда Жакупов ва Отиншиевнинг ҳибсга олинишига муносабат билдирди. У юз берган ҳодисани давлат компанияларидаги коррупция кўламини кўрсатувчи жиддий сигнал деб атади.
Республика раҳбари турли даражадаги раҳбарлар орасидаги эҳтимолий коррупцион ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарларни тезкорлик билан ва синчковлик билан текшириш зарурлигини таъкидлади. Президент, шунингдек, ҳукумат ва назорат органларига 24 ноябргача коррупциявий жиноятлар сонини камайтириш бўйича аниқ таклифлар тайёрлашни топширди.
Кейинроқ президентнинг маслаҳатчиси — матбуот котиби Айбек Смадияров Тўқаев бошиданоқ терговдан хабардор бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбарининг коррупцияга қарши курашдаги позицияси «ўзгармас ва қатъий» бўлиб қолади.



