Ўзбекистон ва Ўмон 30 кунлик ўзаро визасиз режим тўғрисида битим имзолади

Ўзбекистон ва Ўмон Султонлиги икки давлат фуқароларига бир-бирининг ҳудудида 30 кунгача визасиз бўлиш имконини берувчи ўзаро визасиз режим ўрнатишга келишиб олдилар. Тегишли битим 17 ноябрь куни Марказий Осиё республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Яқин Шарқ давлатига ташрифи доирасида имзоланди, деб хабар беради Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Instagram’да.

Шу тариқа, Ўзбекистон фуқаролари фақат миллий биометрик паспорт билан Ўмонга киришлари, у ердан чиқишлари ҳамда транзит орқали ўтишлари мумкин бўлади. Араб давлати фуқаролари ҳам Марказий Осиё республикасига худди шу тартибда кела оладилар.

Битимда бошқа давлатда бўлиш тартиби ҳам белгилаб қўйилган. Хусусан, ҳеч қандай рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, бир сафар давомида 30 кунгача ёки бир календарь йили ичида жами 180 кундан ошмаган муддатда ўзаро меҳмонда бўлиш мумкин.

Қайд этилишича, визасиз режим доимий яшаш гувоҳномаси, ўқиш ёки ишлаш учун рухсатнома талаб этиладиган фаолиятга нисбатан татбиқ этилмайди. Шу билан бирга, белгиланган муддатдан ортиқ бўлиш учун қабул қилувчи томон қонунчилигига мувофиқ виза расмийлаштириш талаб этилади.

Янги битимда форс-мажор ҳолатларида расмий шахсларнинг ҳаракатлари ҳам қайд этилган. Масалан, бошқа давлат ҳудудида паспорт йўқолган тақдирда, вақтинчалик йўл ҳужжати берилиши ва ватанга визасиз қайтиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон ТИВ хабарида таъкидланишича, битим томонлар зарур ички тартиб-таомиллар якунлангани ҳақидаги сўнгги билдиришномани олган кундан бошлаб 30 кун ўтгач кучга киради. Бу янгилик икки давлат фуқароларининг ўзаро сафарларини сезиларли даражада осонлаштиради ҳамда туризм, бизнес, маданий ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади, дея хулоса қилди дипломатик идора.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ва Ўмон Султонлиги ўртасида визасиз режим амал қилмоқда, бироқ у паритет асосида эмас. Яъни, Марказий Осиё республикаси фуқаролари Яқин Шарқ мамлакатига тўсиқсиз кириб, у ерда 14 кунгача қолишлари мумкин, Ўмон фуқаролари эса Ўзбекистонда 30 кунгача визасиз бўлиш ҳуқуқига эга. Янги битим бўлиш муддатларини тенглаштиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ