Сўнгги уч йил ичида Буюк Британияга мавсумий ишларга 14 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси юборилди. Меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик эса давом эттирилади, дея хабар беради Марказий Осиё республикаси ҳукумати ҳузуридаги Миграция агентлиги матбуот хизмати.
Хусусан, яқин вақт ичида хорижий операторларнинг бўлажак мавсум учун номзодларни танлаб олиш мақсадида Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Ушбу мавзу Ўзбекистон идораси раҳбарияти ҳамда Буюк Британиянинг Адолатли меҳнат шароитларини таъминлаш агентлиги (Fair Work Agency) вакиллари иштирокидаги видеоконференцияда муҳокама қилинди.
Томонлар мавсумий иш билан таъминлашдан ташқари, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ва қироллик ҳудудида чет эллик ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жиҳатларини кўриб чиқдилар.
Жумладан, Британия идораси вакиллари хориждан мавсумий ишчиларни жалб қилувчи операторлар томонидан лицензия талабларига риоя этилиши устидан назорат ҳақида батафсил сўзлаб бердилар. Ўзбекистонлик расмийлар эса, ўз навбатида, Европага ишлаш учун кетаётган фуқаролар учун Буюк Британия меҳнат қонунчилиги, тегишли шартномалар ва яшаш шароитлари бўйича жўнаб кетиш олдидан машғулотлар ўтказишни таклиф қилдилар.
Музокараларда меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида идоралар ўртасида амалий ахборот алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Fair Work Agency раҳбарларининг тушунтиришича, мавсумий ишчиларни ёллаш тартиби ва мамлакатлар бўйича қарорларни давлат тузилмалари эмас, балки операторлар қабул қилади. Шу боис миграция агентликлари даражасидаги ҳамкорлик механизми қўшимча ўрганишни талаб этади.
Шу билан бирга, мулоқот иштирокчилари ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумнинг янгиланган вариантини кўриб чиқиб, ҳужжатни имзолашга тайёргарликни муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон вакиллари, шунингдек, инглиз тилини биладиган олий ўқув юртлари битирувчилари, муҳандислар ва бошқа малакали мутахассисларни Британияда иш билан таъминлаш истиқболлари масаласини кўтардилар. Британия томони ушбу йўналишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Кеча, 23 ноябрь куни Ўзбекистон ўз фуқароларини уюшган ҳолда ишга жойлаштириш бўйича Австралиянинг Шимолий ҳудуди расмийлари билан музокаралар бошлагани хабар қилинганди. Хусусан, ушбу давлат малакали мутахассисларни, жумладан, нефть-газ соҳаси учун жалб қилишдан манфаатдор экани маълум бўлди.
Бугунги кунда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун энг оммабоп йўналиш Россия бўлиб қолмоқда. Бироқ экспертларнинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда миграция оқимларининг сезиларли даражада қайта тақсимланиши кузатилмоқда. Жумладан, МДҲ мамлакатлари улуши камайиб, республика фуқароларининг Европа ва Шарқий Осиё давлатларидаги иштироки ортиб бормоқда.



