Ўзбекистон Олий Мажлиси (парламенти) Қонунчилик палатаси мамлакат ҳукуматининг бошқа давлатлар армияси ва полициясида хизмат қилганлик учун жазони кучайтириш тўғрисидаги ташаббусини биринчи ва иккинчи ўқишда маъқуллади. Хусусан, жарима ва ахлоқ тузатиш ишларини ҳақиқий қамоқ жазоси билан алмаштириш назарда тутилмоқда, деб хабар беради «Газета.uz» қуйи парламент палатаси матбуот хизматига таянган ҳолда.
Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-1-моддасига («Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки бошқа шунга ўхшаш органларига хизматга кириш, ёлланиш») ўзгартишлар киритиш кўзда тутилган.
Жумладан, ушбу модданинг армия, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва шунга ўхшаш тузилмаларда хизмат қилиш ҳақидаги биринчи қисмида уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд худди шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони белгилаш режалаштирилмоқда. Ҳозирги вақтда бундай қилмиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача — 132 млн сўм (тахминан 11 минг доллар) миқдорида жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари кўзда тутилган.
Бундан ташқари, республика фуқароларини хорижий қуролли кучлар сафига ёллаш (Жиноят кодексининг ўша моддаси иккинчи қисми) учун ҳам жазони кучайтириш таклиф қилинмоқда. Бу ҳолатда уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазосини озодликни чеклаш муқобилисиз беш йилдан ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига алмаштириш ташаббуси илгари сурилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Жиноят кодексида 154-модда («Ёлланиш») мавжуд бўлиб, унга кўра бошқа давлат томонида қуролли тўқнашувда иштирок этиш беш йилдан ўн йилгача колония жазосини назарда тутади. Бироқ Жиноят кодексининг мазкур моддаси нормалари ўзгартирилмайди.
Янгиликларнинг долзарблиги ҳақида тўхталар экан, депутат Сайдулло Азимов сўнгги йилларда ўзбекистонликларни хориждаги қуролли можароларга жалб қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, фақат 2025 йилнинг ўзида бу каби жиноятлар сони 12 баробар ошган. Шунга қарамай, парламент вакили аниқ статистик маълумотларни келтирмади ва рақамларни айнан қайси давр билан таққослаганига аниқлик киритмади.
«Бу шунчаки айрим фуқароларнинг шахсий танлови ёки тақдири билан боғлиқ масала эмас. Бу, аввало, инсон ҳаёти, фуқароларимиз хавфсизлиги, давлатимизнинг миллий манфаатлари ва унинг халқаро майдондаги нуфузига дахлдор жиддий муаммодир», — дея хулоса қилди Азимов.
Қонун лойиҳаси кучга кириши учун яна уч босқичдан ўтиши керак: депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилиниши, Сенат (парламент юқори палатаси) томонидан маъқулланиши ва мамлакат президенти томонидан имзоланиши зарур.
Қўшимча қилиш жоиз, ўтган йили Давлат хавфсизлик хизмати республикада 2022 йилдан 2025 йилнинг ноябрига қадар ёлланиш бўйича 338 та жиноят иши қўзғатилганини кўрсатувчи статистикани эълон қилган эди.



