Қозоғистон 2027 йил охиригача 3G тармоқларини бутунлай ўчиришни режалаштирмоқда. Уларнинг ўрнига операторлар 4G ва 5G қамровини ривожлантиради. Бу ҳақда республика Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев маълум қилди, деб хабар бермоқда LS.
Мадиевнинг сўзларига кўра, яқин уч йил ичида телекоммуникация соҳасига йўналтириладиган инвестициялар ҳажми 1,3 трлн тенгедан (2,8 млрд доллар) ошади. Шундан камида 500 млрд тенгеси (1 млрд доллар) жорий йилда кутилмоқда.
«Бугунги кунда қишлоқларни мобил интернет билан умумий қамраб олиш даражаси 84 фоизни ташкил этмоқда. 3G базавий станцияларини 4G даражасигача модернизация қилмоқдамиз. Шунингдек, шаҳар ва қишлоқларда 5G қамрови кенгаймоқда. 2027 йил охирига бориб 3G тармоғидан бутунлай воз кечишни режалаштиряпмиз. Ушбу муддатгача 4G тармоғи 5,2 минг қишлоқни, 5G эса 70 та шаҳар ва 300 та қишлоқни қамраб олиши керак. Мобил интернет мамлакатдаги қишлоқларнинг 92 фоизида мавжуд бўлади», — дея маълум қилди вазир.
Бунинг учун, унинг таъкидлашича, ҳокимликлар базавий станциялар учун ўз вақтида ер ажратиши ва майдончаларга электр энергиясини етказиб бериши лозим. Бу операторларга мобил алоқа қамровини тезроқ кенгайтириш имконини беради.
Ҳукуматнинг кенг кўламли режаларига қарамай, Қозоғистонда ҳали ҳам мобил алоқа беқарор ишлайдиган ёки умуман мавжуд бўлмаган ҳудудлар сақланиб қолмоқда. 2024–2025 йилларда 1052 та «оқ доғ» деб аталган ҳудуд аниқланган бўлиб, улардан 213 та нуқта ҳозиргача муаммоли бўлиб турибди. 2026 йилдаги режали ўлчовлар давомида яна 289 та шундай участка топилди, улардан 70 тасида муаммо бартараф этилди. Мадиев ҳудудлар фақат қайта текширув ўтказилганидан сўнг «оқ доғлар» рўйхатидан чиқарилишини таъкидлади.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, 2027 йилда Қозоғистон бозорига Shanghai Spacecom Satellite Technology ва Amazon LEO сунъий йўлдош компаниялари кириб келади.
«Қозоғистон Марказий Осиёда барча тўрт оператор ўз ер усти станцияларини жойлаштирадиган биринчи давлатга айланади ва бу миллий хавфсизлик талабларига тўлиқ мос келади», — деди вазир.
Инфратузилмага йирик инвестициялар киритилиши фонида мобил операторлар тарифлар нархини қайта кўриб чиқиш ниятида эканини билдирди. Компания вакиллари буни электр энергияси, ускуналар ва тармоқни ривожлантириш харажатлари ошгани билан изоҳламоқда.
«КаР-Тел» бош ижрочи директори Жаббор Қаюмов Beeline 2026 йилда тарифларни ўртача 10 фоизга оширишни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, ўзгаришлар босқичма-босқич амалга оширилади ва барча абонентларга бир вақтда таъсир қилмайди.
Kcell бошқаруви раиси Асқар Жамбакин ҳам нархлар ўртача 10-12 фоизга ўзгариши режалаштирилаётганини айтди. У компания инвестициялари ўзини оқлаши кераклигини, электр энергияси ва ускуналар учун харажатлар эса ўсишда давом этаётганини таъкидлади.
«Мобайл Телеком-Сервис» раҳбари Александр Бабичев 2027 йилда айрим тариф режалари бўйича нарх ошиши тахминан 10 фоизни ташкил этиши, аммо 15 фоиздан ошмаслигини маълум қилди.
Вазир Жаслан Мадиев операторларнинг режаларига изоҳ берар экан, рақобат қоидаларига риоя этилишини Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги назорат қилишини эслатди. Унинг таъкидлашича, нарх бўйича тил бириктириш аломатлари сезилса, мазкур идора жараёнга аралашиши мумкин.



