Қозоғистон собиқ Саноат вазири аввалги раҳбар ҳибсга олингач, ҚТЖни бошқарди

Ерсайин Нағаспаев. sk.kz сайтидан олинган сурат

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев Ерсайин Нағаспаевни республика Саноат ва қурилиш вазири лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда 24 ноябрь куни Оқўрда хабар берди.

Истеъфо сабаблари маълум қилинмаган, бироқ бу қарор кутилмаган бўлди: яқиндагина Нағаспаев Қурултой депутатлари олдида нутқ сўзлаган эди. У Саноат вазирлиги раҳбари лавозимини 2025 йилнинг февралидан бери эгаллаб келган ва парламент сайловларидан сўнг, 2026 йил сентябрида шакллантирилган янги ҳукумат таркибида ҳам ўз ўрнини сақлаб қолган эди.

Бироқ бугуннинг ўзидаёқ «Самрук-Қазина» миллий фаровонлик жамғармаси Нағаспаевнинг «Қазақстан темір жолы» («Қозоғистон темир йўллари») бошқарувининг янги раиси этиб тайинланганини маълум қилди. Тегишли қарор жамғарма бошқаруви томонидан қабул қилинди.

Нағаспаев илгари ҳам темир йўл соҳасида фаолият юритган: 2021 йилдан 2025 йилгача «ҚТЖ миллий компанияси» АЖ бошқарувчи директори лавозимида ишлаган. Турли йилларда Инвестициялар қўмитасида, Қозоғистон ТИВда ва мамлакатнинг Россиядаги элчихонасида ишлаган, шунингдек, Транспорт ва коммуникациялар вазирлигида ҳамда Оқтау халқаро денгиз савдо портида раҳбарлик лавозимларини эгаллаган.

Бундан ташқари, Нағаспаев Қарағанда вилояти Шахтинск шаҳри ҳокими, Остона шаҳри ҳокими ўринбосари ва «СПК Астана» АЖ бошқарув раиси бўлган.

«Қазақстан темір жолы»нинг аввалги раҳбари Елжас Ўтиншиев «Самрук-Қазина»нинг собиқ бошқарув раиси Нурлан Жақупов билан бирга 11 ноябрь куни қўлга олинган эди. Икки кундан сўнг тергов суди уларни ҳибсга олишга санкция берди. Топ-менежерлар коррупцион жиноятда айбланмоқда.

Улар айнан нимада гумон қилинаётгани номаълум. Бироқ ҳибсга олишлар фонида ижтимоий тармоқларда Остонадаги Қўнаев кўчасида жойлашган турар жой мажмуаси яқинида сочилган доллар боғламлари акс этган видеолар тарқалди. Нашрларда бу пуллар «Самрук-Қазина» ва ҚТЖ раҳбарларига нисбатан олиб борилаётган тергов билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги таъкидланди. Шунингдек, тинтув пайтида қўлга олинганлардан бирининг турмуш ўртоғи нақд пул солинган сумка ва чамадонларни деразадан улоқтиргани ҳақидаги тахминлар ҳам пайдо бўлди. Аммо бу маълумотлар, шунингдек топилган пулларнинг терговга алоқадорлиги расман тасдиқланмаган.

13 ноябрь куни президент Қасим-Жомарт Тўқаев Хавфсизлик кенгашининг тезкор йиғилишини ўтказиб, унда Жақупов ва Ўтиншиевнинг ҳибсга олинишини «давлат компанияларидаги коррупция кўламини кўрсатувчи жиддий сигнал» деб атади.

ℹ️ Таъкидлаш жоиз, Ўтиншиев ҳибсга олинишидан бир неча кун олдин ҚТЖнинг шўъба тузилмаларидан бирида кадрлар алмашинуви юз берган эди. «Йўловчи ташиш» АЖга Ануар Аҳметжанов ўрнига Султан Шабидинов раҳбар бўлди. Тегишли маълумотлар молиявий ҳисобот депозитарийси сайтида эълон қилинди. Раҳбарият алмашинуви сабаблари ошкор этилмади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ