Сиёсатшунос Сайфулинга нисбатан давлатга хоинлик қилишдан ташқари ноқонуний қуролга эгалик қилиш айби ҳам қўйилган

Рафик Сайфулин . Islam.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон Олий суди Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг собиқ директори Рафик Сайфулинга нисбатан 25 май куни суд томонидан давлатга хоинлик қилишда айбланиб 12 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги қарорни эълон қилди. Олий суд матбуот хизматининг хабарига кўра, сиёсатшунос шунингдек, республика Жиноят кодексининг 248-моддаси (қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда ҳам айбланган.

Бир неча ой давомида ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб таҳлил қилинган. Тергов томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчининг важлари текширилган. Шундан сўнг суд ҳукми чиқарилган.

Шунга қарамасдан, сиёсатшуноснинг адвокати Сергей Майоров «Фарғона» га берган интервьюсида «Сайфулин содир этмаган жиноятларда айбланди, давлат органлари бу масалада «ортиқча «эҳтиёткорликка» берилди», дейди.

«Ҳимоямдаги шахснинг айбсиз эканлиги бўйича далилларимни асослаш учун мен иш бўйича тингланган гувоҳларнинг ҳаммалари Сайфулиннинг фойдасига кўрсатма беришганини кўрсатиб ўтдим. Унинг “айбини” ягона исботи – экспертизалар хулосалари бўлди. Экспертизалар эса Жиноят-процессуал кодекси ва Экспертиза тўғрисида қонун моддаларининг жуда қўпол тарзда бузган ҳолда амалга оширилган. Шунинг учун ҳам ҳар қандай мустақил суд экспертларнинг мазкур хулосаларини исбот учун яроқсиз, дея тан олиши керак эди», — дейди Майоров.

Адвокат, шунингдек, суд томонидан Ўзбекистон қўшилган «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро пакт ва республика Жиноят-процессуал кодексининг бир нечта моддалари бузилганини эътироф этади.

Радик Сайфулин ўз карьерасини СССР Давлат хавфсизлик қўмитасида бошлаган. Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач, Сайфулин Вазирлар Маҳкамасида ишлаган. Кейинчалик у Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтини бошқарган. Сиёсатшунос 2019 йил июль ойида ҳисбга олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин

  • Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон маданий меросига оид янги китобларни тақдим этди