Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Марказий Осиёда халқаро сув-энергетика консорциумини ташкил этишни таклиф қилди.
«Марказий Осиёда сув-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича минтақадаги барча давлатларнинг ирригация, гидроэнергетика ва экология соҳаларидаги манфаатларини ҳисобга олган ҳолда узоқ муддатли ва барқарор минтақавий ҳамкорлик механизмини яратиш [зарур]. Бизнингча, Халқаро сув ва энергетика консорциуми шундай механизмга айланиши мумкин», — деди Тўқаев 15 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг йиғилишида.
Тўқаев ўз нутқида ҳозирда Марказий Осиё хавфсизлигига глобал иқлим ўзгариши, сувнинг камайган даври ва суғориш суви етишмаслиги таҳдид солаётганини таъкидлади.
«Халқаро экспертларнинг фикрича, минтақамизда ҳаво ҳарорати ўртача жаҳон даражасидан анча тез кўтарилмоқда. Бу Орол денгизи ҳавзасидаги асосий сув манбаи бўлган музликлар майдонининг қисқаришига олиб келади. Охирги 50 йил ичида уларнинг ҳажми 30 фоизга камайган. Таҳлилчиларнинг фикрича, 2050 йилга бориб Марказий Осиёда қурғоқчилик йилига ЯИМнинг 1,3 фоизи миқдорида зарар келтириши мумкин, бу эса 5 миллионга яқин ички «иқлим асорати» мигрантларининг пайдо бўлишига олиб келади», — деди Қозоғистон президенти.
Тўқаев минтақада сувдан самарасиз фойдаланилаётгани ва экологик оқибатлар менсилмаётганини қайд этди.
«Минтақамизнинг икки асосий дарёси – Сирдарё ва Амударёнинг оқимини тартибга солиш даражаси ниҳоятда юқори. Уларнинг ҳавзаларида 80 дан ортиқ сув омборлари қурилган бўлиб, уларнинг умумий сув ҳажми қарийб 65 куб километрни ташкил этади», — деди Тўқаев.
Шундай қилиб, антропоген юкининг ошиши, атроф-муҳитни кенг қамровли бошқаришнинг давом этиши ва турли хил ижтимоий-экологик муаммоларнинг кескинлашиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси минтақавий хавфсизлик учун жиддий хавф туғдиради, деди Қозоғистон президенти.
Тўқаев Орол денгизи ҳавзасида сув ресурсларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, бошқариш ва тақсимлашнинг ягона автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича иш режасини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Тизим минтақада сувдан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлайди ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги мулоқот ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, дея тушунтирди Қозоғистон раҳбари.
У Қирғизистон 2016 йили тўхтатилган ОҚХЖ ишидаги иштирокини қайтадан бошлашига умид билдирди.
«Биз Бишкекнинг Фонд фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳи фаолиятидаги иштирокини ижобий баҳолаймиз. Умид қиламизки, Қирғизистон Республикаси ОҚХЖга тўлақонли аъзоликни тиклайди. Келгусида қардош Қирғизистоннинг Фондга раис бўлишидан хурсанд бўламиз», — деди Тўқаев.
ℹ️ ОҚХЖ 1993 йил март ойида Орол денгизи ҳавзасидаги экологик офатни бартараф этиш ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш мақсадида ташкил этилган. Жамғарманинг олий органи таъсисчи давлатлар раҳбарлари кенгаши ҳисобланади. ОҚХЖ мавжуд бўлган даврда Кенгашнинг 12 та йиғилиши ўтказилди, шу жумладан ҳозирги.
15 сентябрь куни бўлиб ўтган учрашувда Тўқаевдан ташқари Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам иштирок этишди. Иштирокчилар орасида Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Адилбек Қосималиев ва БМТ Бош котибининг махсус вакили – БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе ҳам бор эди.