Ўзбекистон IT-компаниялари жаҳон бозорига чиқиши учун Local to Global дастурига жалб этилади

dropsuite.com сайти фотосурати

Ўзбекистонда маҳаллий IT-компанияларни халқаро миқёсга олиб чиқиш бўйича Local to Global лойиҳаси амалга оширилади. Унга кўра, маҳаллий IT-компанияларнинг жаҳон бозорига чиқиши, халқаро кўргазмаларда қатнашиши, хорижий экспертларни таклиф этишида харажатларнинг 50 фоизгача қисми қоплаб берилади, деб хабар беради мамлакат президенти матбуот хизмати.

Ҳудудларга IT-экспортчи ташкилотларни кенг жалб қилишга қаратилган Zero Risk дастурини қўллаш таклиф этилади. Бу дастурда иштирок этувчи корхоналарга IT-парк тавсияномаси асосида бўш турган давлат бинолари 1 йилгача муддатга текин фойдаланишга берилади. Бу муддат тугагач, тўғридан-тўғри шартнома тузилади. IT-парк томонидан техника ва жиҳозлар 1 йилгача муддатга текин фойдаланишга берилади.

«Рақамли инклюзивлик» лойиҳаси доирасида ёшлар, аёллар ва имконияти чекланган шахслар IT-хизматларини кўрсатиш кўникмаларига ўргатилади. 9 минг иш ўрни яратиш, жумладан, 5 минг нафарга яқин хотин-қиз ва ногиронларни иш билан таъминлаш режалаштирилган. Лойиҳа 25 минг кишини иш билан таъминлашга ёрдам бериши кутилмоқда.

ℹ️ Бундан олдин Ўзбекистон ҳукуматининг 2024 йили «Ҳар бир маҳалладан икки дастурчи» дастурини ишга тушириш режалари ҳақида хабар берилган эди. Президентнинг 21 февралдаги қарорида дастурни бошлаш санаси – 1-март кўрсатилган. Маҳаллаларда ёшлар етакчилари маҳаллий фаоллар билан ахборот технологиялари ва компьютер дастурларига қизиқаётган фуқароларни аниқлаб, уларга чет тилини ўргатиш ва сертификатлар беришни ташкил этади. Сертификат олганлар тўғрисидаги маълумотлар Рақамли технологиялар вазирлигининг махсус ахборот тизимига киритилади, кейинчалик вазирлик уларни ишга жойлаштиришга ёрдам бериши керак.