Буюк Британия ТИВ раҳбари Марказий Осиё давлатлари билан ўтказиладиган музокараларнинг устувор йўналишларини белгилаб берди

Буюк Британия ТИВ раҳбари Марказий Осиё давлатлари билан ўтказиладиган музокараларнинг устувор йўналишларини белгилаб берди

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари вакиллари билан музокаралар чоғида тўхталадиган устувор мавзуларни айтиб ўтди. Дипломат асосий эътиборни учта йўналишга қаратади: глобал тартиб, иқтисод ва таълим, деб ёзади The Independent европалик сиёсатчи сўзларига таяниб.

Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири ҳозирги дунёда кўплаб давлатлар ёлғиз ўзи енгиб ўтиши қийин бўлган муаммоларга дуч келаётганини таъкидлайди. Бинобарин, Кэмероннинг Марказий Осиёга ташрифи, биринчи навбатда, Британиянинг минтақа давлатлари билан янги босқичга кўтарилиши керак бўлган ҳамкорлигини мустаҳкамлашга бағишланган.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари биринчи навбатда глобал тартиб мавзусини кўтармоқчи. Унинг сўзларига кўра, суверенитет ва ҳудудий яхлитлик каби тамойилларга таҳдид солмаслик учун яқинроқ ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим.

Кэмерон бошчилигидаги маҳкаманинг пресс-релизида айтилишича, Лондон бу мақсадлар учун 50 миллион фунт стерлинг ажратади.

Сиёсатчи, шунингдек, минтақа санкцияларни бузувчилар учун «айланма йўл»га айланмаслиги учун коррупцияга қарши курашиш зарурлигини таъкидлади.

Хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Кэмероннинг сўзларига кўра, бу террорчи гуруҳларга, жумладан, яқинда Россияда теракт содир этган ва Буюк Британия томонидан кескин қораланган «ИШИД-Хуросон»*га самарали қарши туриш имконини беради.

Ташриф давомида томонлар иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилади. Кэмерон Марказий Осиёда кичик ва ўрта бизнес учун биринчи тўғридан-тўғри инвестиция фонди (венчур капитали) ташкил этилганини эълон қилди. Ушбу тизим Буюк Британия фирмаларига минтақадаги компанияларни қўллаб-қувватлашга ёрдам бериш учун ишлаб чиқилган.

Кэмерон муваффақиятли ҳамкорликнинг иккита мисолини келтиради. Унга кўра, Concrete Canvas компанияси Бишкекда бетон ишлаб чиқариш заводини очмоқда. Маҳсулотлар янги технология ёрдамида ишлаб чиқарилади, бу уларнинг таннархини пасайтиради ва жараёнга сарфланган ресурсларни, масалан, сувни тежаш имконини беради. Шунингдек, «Остона» халқаро молия маркази фаолияти ҳам қайд этилди, у умумий ҳуқуқли судни амалиётга жорий этиб, икки мингдан ортиқ низоларни, жумладан, инвестициялар соҳасидаги келишмовчиликларни ҳал этишга муваффақ бўлди.

Вазир якунда таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, Буюк Британия Марказий Осиёдаги Chevening стипендиялари учун ажратиладиган маблағни икки баравар кўпайтиради, токи кўпроқ одамлар унинг мамлакатидаги нуфузли университетларда таълим олсинлар.

Бундан ташқари, европаликлар минтақада таълимнинг юқори стандартларини фаол равишда жорий қилмоқдалар. Шундай қилиб, Британиянинг ўнта университети Ўзбекистонда ўз дипломларини беради. Қозоғистонда ҳам таълим муассасаларининг филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Айрим компаниялар эса инглиз тили курсларини ташкил этишга ёрдам бермоқда. Бу, айниқса, инглиз тили иккинчи расмий тил сифатида тан олинган Мўғулистон учун жуда муҳим, деди Кэмерон.

Британиялик сиёсатчи Марказий Осиёнинг барча постсовет республикалари ва Мўғулистонга ташриф буюрган Буюк Британиянинг биринчи Ташқи ишлар вазири бўлишини таъкидлади. Шунингдек, у G7даги ҳамкасблари орасида биринчи бўлиб бундай саёҳатни амалга оширади.

«Ҳар бири ўзига хос меросга эга бўлган ушбу олтита давлат улкан ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Булар ўз суверенитети ҳимоя қилинишини, чегаралари ҳурмат қилинишини истаган ғурурли, мустақил давлатлардир. Мен уларнинг ҳар бири билан барчамиз манфаатимиз учун янада кучлироқ ҳамкорлик ўрнатишни истайман», — дея хулоса қилади Кэмерон.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиёга ташрифи 22 апрель куни бошланди. Шу куни Кэмерон Тожикистон ва Қирғизистонга боришга муваффақ бўлди.

Душанбеда европалик сиёсатчи республика президенти Эмомали Раҳмон билан музокаралар ўтказди. Маълумки, томонлар давлатлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар бўйича келишиб олган.

Кэмерон Қирғизистонга илк ташрифи доирасида ушбу давлат раҳбари Садир Жапаров билан учрашди. Тадбиркорлик лойиҳалари, экология ва мавсумий меҳнат миграцияси каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Бугун, 23 апрель куни Британия вазири Ўзбекистонда. Кейинги, 24 ва 25 апрель кунлари сиёсатчи Қозоғистонга ташриф буюради ва у ерда республика ТИВ раҳбари Мурат Нуртлеу билан музокаралар ўтказади.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Марказий Осиё мамлакатларида аёллар эркинлиги ва хавфсизлиги қай аҳволда?

  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ