Тожикистоннинг иқлим ўзгаришига мослашган ҳолда ривожланиши учун 96 миллиард доллар керак бўлади

"АЗИЯ-ПЛЮС" САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Тожикистонга мамлакатни иқлим ўзгаришига мослаштириш ва яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича чора-тадбирлар учун 96 миллиард доллар керак бўлади. Жаҳон банки ва Тожикистон Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш қўмитаси тайёрлаган иқлим ва тараққиётга оид ҳисоботида мана шундай маълумот келтирилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2050 йилгача Тожикистонга иқлимга мослашиш чоралари учун тахминан 17 миллиард доллар, ислоҳотлар учун эса 79 миллиард доллар керак бўлади. Бу маблағлар мамлакатнинг иқлимга чидамлилигини ошириш ва аҳолини иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларидан ҳимоя қилиш стратегиясини амалга ошириш учун зарур.

Тожикистон анчадан бери иқлим ўзгаришининг жиддий оқибатларига дуч келади, бу эса аҳоли ва иқтисодиётни ҳимоя қилиш учун шошилинч чоралар кўришни талаб қилади. Ҳисоботга кўра, ҳаракатсизлик сезиларли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин:

иқтисодий йўқотишлар: 2050 йилга бориб, иқлим ўзгаришининг инфратузилма, чорвачилик ва қишлоқ хўжалигига салбий таъсири туфайли мамлакатнинг реал ялпи ички маҳсулоти 5-6 фоизга қисқариши мумкин;

ер деградацияси. У билан боғлиқ йиллик харажатлар тахминан 325 миллион долларга баҳоланмоқда, бу миқдор 2050 йилга келиб икки баравар кўпайиши кутилмоқда, бу эса ўсиб бораётган тупроқ деградацияси муаммосини акс эттиради;

ҳавонинг ифлосланиши. Тожикистон Марказий Осиёда ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ ўлим даражаси бўйича иккинчи ўринда туради – 100 минг аҳолига 84 та ҳолат. Стратегик инвестицияларсиз ва ислоҳотларсиз бу вазият янада ёмонлашиши мумкин;

ижтимоий оқибатлар. Иқлим ўзгариши яна 100 000 кишини қашшоқликка олиб келиши мумкин. Айниқса, аёллар, болалар ва ногиронлар заиф гуруҳлар ҳисобланади.

Бу маълумотлар Тожикистонда иқлим ўзгаришига мослашиш ва уни юмшатиш учун шошилинч чоралар кўриш зарурлигини кўрсатади. Ҳисоботда паст углеродли иқтисодиётга барқарор ўтишга эришиш учун бешта асосий йўналиш белгиланган:

👉 институтлар ва қонунчилик базасини такомиллаштириш;

👉 инклюзив иқлим стратегияларини амалга ошириш;

👉 иқлим билан боғлиқ молиялаштиришни жадаллаштириш;

👉 «сув – энергия – озиқ-овқат» занжирига мослашиш;

👉 кам углеродли ривожланишни тезлаштириш.

Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши атроф-муҳитни яхшилаш, углерод чиқиндиларини камайтириш ва деградацияга учраган ерларни тиклаш имконини беради. Транспорт ва чиқиндилар секторида 2050 йилга келиб заҳарли моддалар сизиб чиқишини нолга тенглаштириш кутилмоқда.

Тожикистоннинг иқлимга мослашиш стратегияси муваффақияти халқаро ҳамкорларнинг кўмаги, хусусий секторнинг фаол иштироки ва жамиятнинг ўзгаришларга тайёрлигига боғлиқ бўлади, дейилади ҳисоботда.

ℹ️ 2022 йили Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан чоп этилган «Экология таҳдиди тўғрисида ҳисобот»ида Тожикистон дунёнинг экологик «қайноқ нуқталари»дан бири деб топилган. Мамлакат экстремал экологик зарбаларни бартараф этиш учун ресурсларга эга бўлмаган 27 давлат рўйхатига киритилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Тожикистон иқлим ўзгариши оқибатларидан азият чекмоқда, бунинг исботи:

▶️ музликларнинг тез эриши. Сўнгги 40 йил ичида глобал исиш Тожикистон тоғларида жойлашган 13 минг музликдан мингдан ортиғининг йўқолишига олиб келди;

▶️ мавсумий сув мавжудлиги ўзгариши;

▶️ қурғоқчиликнинг кучайиши ва ҳароратнинг кўтарилиши.

Бу омиллар асосан гидроэнергетикага таянадиган Тожикистон қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳалари учун жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда: мамлакат электр энергиясининг 98 фоизини ГЭСлардан ишлаб чиқаради. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2050 йилга келиб яшил энергия ишлаб чиқариш қувватини икки баравар ошириш ва шу тариқа иссиқхона чиқиндиларини нолга тушириш режаларини эълон қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ