Қозоғистонда январь воқеалари пайтида ўғирланган қуролларнинг ярмидан камроғи топилди

polisia.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда 2022 йил январидаги тартибсизликлар пайтида ўғирланган 2960 та қуролдан бугунги кунга қадар 1226 таси топилди, деб ёзади Polisia.kz.

Гап хизмат ва фуқаролик қуроллари ҳақида бормоқда. Умуман олганда, ИИВ маълумотларига кўра, уч йил давомида республикада тезкор тадбирлар, қидирув ва рейдлар натижасида 8 мингга яқин ўқотар ва травматик қуроллар, 831 дона граната ва 112 мингдан ортиқ турли калибрли ўқ-дорилар мусодара қилинган.

Вазирлик матбуот хизматининг тушунтиришича, мусодара қилинган қолган 6765 та қурол «жиноятчилар томонидан атайлаб шикастланган ва рўйхатга олиш рақамларини ўчириб ташланган». Уларни идентификация қилиш учун экспертиза тайинланган. Ички ишлар вазирлиги республика Миллий хавфсизлик қўмитаси билан ҳамкорликда тегишли ишларни амалга оширади.

2022 йил январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар рўй берди, унинг иштирокчилари полиция ва ҳарбий хизматчиларга ҳужум қилишган. Республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришга уриниш бўлганини эълон қилди ва КХШТдан ёрдам сўради. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликлар пайтида 238 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.

Ўша йилнинг декабрь ойида Бош прокуратура тартибсизликлар пайтида ўнта ов дўкони талон-тарож қилингани ва 1672 қурол ўғирлангани ҳақида хабар берганди. Бундан ташқари, талон-тарож иштирокчилари 1288 дона хизмат қуролини ўғирлаган. Мазкур ҳолатлар юзасидан 519 та жиноят иши очилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Россияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида

  • Нима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида

  • Қозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида