Ўзбекистон ҳукумати жорий йили 2,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ва 1,1 миллиард куб метр табиий газни тежаш имконини берувчи бир қатор чора-тадбирларни таклиф қилди. Президент Шавкат Мирзиёев 26 март куни энергия ресурсларини иқтисод қилиш, истеъмол самарадорлигини ошириш бўйича ўтказган йиғилишда мазкур дастур тақдим этилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Мутасаддилар таъкидлашича, илгари бу муаммога эътибор берилмаган. Саноат корхоналарида энергия ресурсларини истеъмол қилиш ва йўқотишнинг юқори даражаси кузатилган. Фақат сўнгги йилларда баъзи компаниялар энергия самарадорлиги тамойилларини амалга оширмоқда. Аммо бу этарли эмас, чунки вазият нафақат саноат соҳасига таъсир қилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, 2030 йилга бориб республика аҳолиси сони 41 миллион кишига етади, иқтисодиёт эса икки баробар ошади. Шунга кўра, энергия ресурсларига талаб жорий кўрсаткичларга нисбатан 1,5 баробар ортади. Шу муносабат билан электр ва газни тежаш чораларини кўриш жуда зарур.
Мирзиёев топшириғига кўра, жойларда ресурсларни тежаш имкониятларини ўрганиш ишлари давом эттирилаётгани таъкидланди. Хусусан, Самарқанд, Сирдарё ва Жиззахдаги ўрганишларда 870 миллион киловатт соат электр ва 420 миллион куб метр газни иқтисод қилишнинг янги имкониятлари аниқланди. Масалан, бу вилоятлардаги кичик ва ўрта саноат корхоналарида 35 мингга яқин эскирган ускуналарни тежамкорига алмаштириб, йилига 385 миллион киловатт соат электр ва 50 миллион куб метр газ тежаш мумкин.
Туман ва маҳалларда энергияни иқтисод қилиш бўйича имкониятлар жуда кўп. Масалан, 300 та маҳаллада 100 мегаваттли кичик қуёш станциялари барпо қилиб, шу йилнинг ўзида 45 миллион куб метр газ тежаса бўлади. Бундан ташқари, канал ва сойларда қуриладиган мингдан зиёд микро ГЭСлар ҳисобига қўшимча 175 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилади.
Кўчаларни ёритишга ҳам йилига 200 миллион киловатт электр сарфланаяпти. Қуёш панелли чироқлар ўрнатилса, истеъмол 2 карра камаяди.
Президент ҳисоботни тинглаб, биринчи навбатда, саноат корхоналарида замонавий энергия тежовчи қурилмаларни ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, у кундалик ҳаётда энергия тежаш маданиятини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади: электр ва газни ортиқча истеъмол қилмаслик, қуёш панеллари ва бошқа энергия манбаларидан кўпроқ фойдаланиш зарур.
Фарғона водийси вилоятларида аҳоли зич жойлашганини ҳисобга олиб, уларни энергия билан таъминлашда алоҳида ёндашув ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу тажриба босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилиши кўзда тутилмоқда.