Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари Абу-Дабидаги Федерал апелляция суди раввин Цви Коганни ўғирлаш ва ўлдиришда айбланган уч нафар гумонланувчини ўлимга ҳукм қилганини тасдиқлади. Уларнинг шериги ҳақида ҳам маълум бўлди, у «террорчилик ниятида қасддан одам ўлдириш»да айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бу ҳақда БАА давлат ахборот агентлиги WAM хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, жорий йил январь ойида мамлакат Бош прокурори Ҳамад Саиф Ал-Шамсий тергов материаллари судга юборилганидан сўнг тезкор тергов ўтказишни буюрган. Тергов хулосаларига кўра, ишда иштирок этаётган барча айбланувчилар жабрланувчини кузатиб, ўлдирганликларини тан олишган. Бундан ташқари, назорат органи судга суд-тиббий экспертиза хулосалари, отопсия натижалари, жиноят қуролига доир маълумотлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари каби бошқа далилларни тақдим этган.
Раввинни ўлдиришда гумон қилинган учта асосий гумондор пировардида ўлим жазосига ҳукм қилинган, уларнинг шериги эса умрбод қамоқ жазосини олган. Бироқ, ОАВда тўртинчи айбланувчи ҳам Ўзбекистон фуқароси эканига аниқлик киритилмаган.
БАА қонунларига кўра, ўлим жазоси автоматик равишда Федерал Олий судга шикоят қилинади.
Ҳукмни шарҳлар экан, мамлакат Бош прокурори суд қарори БААнинг адолат юқори стандартлари ва қонун устуворлиги асосида терроризмга қарши курашдаги содиқлигини акс эттиришини қайд этди. Ал Шамсининг сўзларига кўра, Амирликлар ҳамжиҳатликда яшаш ва бағрикенгликнинг глобал модели бўлиб, бу ерда қонунлар диний ва этник мансубликдан қатъи назар, барча аҳолини ҳимоя қилади, уларнинг хавфсизлигини таъминлайди.
Бир кун аввал раввин ўлдирилишида гумон қилинаётган уч кишига ўлим жазоси берилгани хабар қилинган эди. Гап полиция маълумотларида тилга олинган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида кетмоқда. Булар: 28 ёшли Олимпи Тоҳирович (Olimpi Tohirovich), 28 ёшли Маҳмуджон Абдурраҳим (Makhmudjon Abdurrahim) ва 33 ёшли Азизи Комилович (Azizi Kamilovich).
Айрим ўзбек матбуотининг ёзишича, Марказий Осиё республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қаттиқ ҳукм ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган, бироқ суд жараёни тафсилотларини маълум қилмаган.
ℹ️ Цви Коган — Исроил ва Молдова фуқароси бўлган. У ортодоксал яҳудийларнинг БАА даги «Хабад» гуруҳи раҳбари, шунингдек, ушбу давлат бош раввинининг ўринбосари бўлган. Руҳоний оиласи 2024 йил 21 ноябрда унинг бедарак йўқолгани ҳақида хабар берган. Бир неча кундан кейин полиция Коган жасадини топган ва қотиллик бўйича тергов ишларини бошлаган.
Ўтган йил ноябрь ойида Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняхунинг идораси раввиннинг ўлдирилишини кескин қоралаб, буни «ярамас террорчилик ҳаракати» деб атаган. Расмийлар айбдорларни жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларни ишга солишини таъкидлаган. Ўшанда воқеа ҳолатларини аниқлаштириш жараёнига Исроил разведка хизмати Моссад ҳам қўшилгани маълум бўлганди.