Ўзбекистон ва Афғонистон 2025 йил охиригача савдо тўсиқларини мунтазам мониторинг қилиб, товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказишга келишиб oлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (ССП) хабар қилди.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигидаги делегациянинг Афғонистон Савдо вазири Нуруддин Азизий билан учрашувида мана шундай келишувга эришилди. Музокараларда паррандачилик ва тўқимачилик саноати, транспорт-логистика тармоқларини ривожлантириш ва етказиб бериш занжирларини соддалаштиришга оид лойиҳалар муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида томонлар савдо-сотиқда тўсиқ бўлаётган муаммоларни мунтазам ҳал этиш бўйича аниқ механизм жорий этишга келишиб олдилар. Унга кўра, ҳар 15 кунда мавжуд тўсиқ ва муаммолар кўриб чиқилиб, уларнинг ечими юзасидан тўғридан-тўғри Савдо вазирига ахборот тақдим этилади ва жойида ҳал этилиши таъминланади. Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг тўртта расмий вакили май ойидан Афғонистонда иш бошлайди.
Ўзбекистон делегацияси 5-8 апрель кунлари Афғонистонда бўлди. Делагация таркибига фармацевтика, қурилиш материаллари ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига ихтисослашган йирик бизнес вакиллари кирди.
Ташрифнинг биринчи куни Қобул шаҳрида афғонистонлик тадбиркорлар ва бизнес вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди, унда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва сармоявий муҳитни яхшилаш масалалари муҳокама қилинди. Афғонистоннинг 2 миллиард долларга баҳоланган ва асосан импортга қарам бўлган фармацевтика бозорига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ўзбекистонлик етказиб берувчилар учун имкониятлар очади. Томонлар Афғонистонда дори воситаларига бўлган талаб, рўйхатга олиш тартиблари ва рекламаси қоидалари, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқаришни яратиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Ташриф доирасида Афғонистон Миллий тараққиёт корпорацияси (IEANDC) президенти Резуддин Шарифий билан ҳам учрашув бўлиб ўтди, унда йирик инфратузилма ва ижтимоий объектлар учун Ўзбекистон қурилиш материаллари, жумладан, базальт маҳсулотлари етказиб бериш имкониятлари муҳокама қилинди. IEANDCнинг қурилиш материалларига йиллик эҳтиёжи 350-400 миллион долларга баҳоланмоқда, илгари улар асосан Туркиядан олиб келинган.
Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазири Мавлавий Нур Жалол Жалолий билан учрашувда қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:
👉 дори воситаларини рўйхатга олиш муддатларини 6 ойдан 1 ойга қисқартириш;
👉 Термиз шаҳрида 20 та стоматология филиали очилиши;
👉 Афғонистонлик мутахассисларни Ўзбекистонда тайёрлаш.
«Бу шартлар маҳсулот сифати ва рақобатбардош нархлари билан биргаликда Ўзбекистон фармацевтика компанияларига Афғонистон бозорининг улкан салоҳиятини ишга солиш имконини беради. Жорий йил охирига қадар экспорт ҳажмини 50 миллион доллардан ошириш учун барча асослар бор», — дейилади Савдо-саноат палатаси хабарида.
Музокаралар давомида икки мамлакат Савдо-саноат палаталари раҳбарлигида фармацевтика, қурилиш ва озиқ-овқат саноати корхоналари ишбилармонлик кенгашларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Афғонистонлик тадбиркорлар 8 апрель куни Термиз шаҳрида очилган «Ўзбекистонда ишлаб чиқилган» кўргазмасига таклиф этилди.