Ўзбекистондаги ягона вагон таъмирлаш заводи россияликлар бошқарувига ўтказилди

rempassvagon.uz сайти фотосурати

«Ўзбекистон темир йўллари»нинг Тошкент йўловчи вагонлари қуриш ва таъмирлаш заводидаги улуши якуний бенефициари Россия компанияси ҳисобланадиган Transport Engineering Center назоратига ўтди. Шу муносабат билан кузатув кенгашида ўзгаришлар рўй берди, унинг янгиланган таркибига беш нафар Россия фуқароси кирди. Бу ҳақда пойтахт заводи акциядорларининг навбатдан ташқари йиғилиши баённомасига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

Ҳужжатга кўра, 2025 йил 21 январдаги шартномага асосан заводнинг илгари «Ўзбекистон темир йўллари»га тегишли бўлган устав капиталининг 90 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлигига, кейин эса Transport Engineering Center ишончли бошқарувига ўтказилган. Ушбу ташкилот, ўз навбатида, 2025 йил 22 январдаги тегишли шартнома билан мазкур улушни Transport Engineering Center МЧЖ ишончли бошқарувига бир йил муддатга ўтказган.

Тошкент вагон таъмирлаш заводи акциядорларининг 28 март куни бўлиб ўтган йиғилишида кузатув кенгаши таркиби қайта сайланган. Хусусан, овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Махкамов, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бош муҳандиси Шарофиддин Қодиров, шунингдек, корхонани ишончли бошқарувга олган хорижий компаниянинг беш нафар вакили кенгашга киритилган. Бундан ташқари, ОАВ ёзишича, барча Россия фуқаролари темир йўл транспорти ишлаб чиқаришга ихтисослашган Россия «Трансмашхолдинг» компаниясининг топ-менежерларидир.

Очиқ манбаларга кўра, Transport Engineering Center МЧЖ 2024 йил январь ойида Тошкентда рўйхатдан ўтган. Компаниянинг асосий фаолияти «бошқа тоифаларга киритилмаган уюшма турлари»дир. Корхонанинг таъсисчилари «Вектор Технологических решений» (ВРТ) ва VRT Holdings Limited ҳисобланади. Охирги компания Остонада рўйхатдан ўтган, аммо номига қараганда, у Россиянинг ВРТ компаниясига тегишли.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти замонавий бошқарув тизимига эга холдингга айлантирилган эди. Трансформациялар доирасида АЖ таркибида инфратузилма, вагонларга техник хизмат кўрсатиш, йўловчи ташиш ва бошқа ишлар билан шуғулланувчи олтита алоҳида корхона ташкил этилди.

Дарвоқе, ўтган йил март ойида Мирзиёев Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводига ташриф буюрган эди. Шундан сўнг давлат раҳбари ҳаракат таркиби конструкциясини ўзгартириш, фуқаролар учун қулайлик яратиш зарурлигига эътибор қаратганди. Бундан ташқари, у аҳоли зич жойлашган ҳудудларни қамраб олиш учун темир йўл тармоғини электрлаштиришни кенгайтириш бўйича топшириқлар берганди. Корхона раҳбарияти, ўз навбатида, президентга замонавий электропоездлар ва метро поездларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини тақдим этган.

ℹ️ «Тошкент йўловчи вагонларини таъмирлаш заводи» АЖ Ўзбекистонда енгил вагонларни таъмирлаш, модернизация қилиш ва қайта жиҳозлашга ихтисослашган ягона корхона ҳисобланади. Завод 2000-йиллар бошида республика ҳукумати ва Япония халқаро иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси ўртасидаги кредит битими доирасида қурилган. Бу ерда йилига бир неча юз вагонни таъмирлаш имконини берувчи хориждан келтирилган технологик ускуналардан фойдаланилади. Корхонада 600 дан ортиқ муҳандис ва ишчилар ишлайди. Пойтахт компанияси сайтида Россия ва Қозоғистонга йўловчи вагонлар экспорти бўйича йирик шартномалар тузилгани айтилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ