АҚШ Ўзбекистон билан ядро энергетикаси, муҳим минераллар борасида ҳамкорлик қилишга тайёр

Бахтиёр Саидов ва Марко Рубио. Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати фотосурати

Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан хавфсиз атом энергияси технологиялари, муҳим фойдали қазилмалар ва бошқа соҳаларда стратегик ҳамкорликка умид қилади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Марказий Осиё Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради АҚШ департаменти матбуот хизмати.

Расмийлар ўртасидаги музокаралар 9 апрель куни Вашингтонда бўлиб ўтди. Рубио Қўшма Штатлар Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги сармоявий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ниятлари ҳақида гапирди.

Давлат департаменти раҳбари Марказий Осиё республикасининг ИШИД* террорчилик ташкилотига қарши кураш бўйича глобал коалицияга тўлақонли аъзо бўлиш қарорини олқишлаган. Рубио, шунингдек, Саидовга АҚШдан депортация қилинган ўзбекистонликларни ўз ватанларига қайтариш жараёнида кўрсатган фаол ёрдами учун миннатдорчилик билдирган.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари, ўз навбатида, Рубио билан учрашувда кенг доирадаги асосий мавзулар, жумладан, Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинганини таъкидлаган. Музокаралар якунлари бўйича томонлар мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг ижобий динамикасини сақлаб қолиш ва стратегик шерикликни ривожлантиришни давом эттиришга келишиб олганлар.

10 апрель куни Бахтиёр Саидов АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц билан учрашди.

«Мулоқотимиз хавфсизлик, иқтисодий тараққиёт, минтақавий боғликлик ва Марказий Осиёда барқарор ривожланишни рағбатлантириш масалаларига қаратилди. АҚШ Президенти томонидан Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастури ва минтақада тинчлик ҳамда фаровонликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларимизнинг доимий қўллаб-қувватланишини юксак қадрлаймиз», — деб ёзади дипломат ўзининг Telegram-каналида.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ