Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси U-17 Осиё кубоги ярим финалида КХДРлик тенгдошларини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, турнир финалига йўл олди.
Ўзбекистонликлар турнирдаги барча учрашувларда ғалаба қозонган ягона жамоадир. КХДР терма жамоаси икки марта дуранг ўйнаб, бироқ Тожикистон термасини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, қийин курашда гуруҳдан чиқди. Шундай қилиб, Ўзбекистон шимолий кореяликларни йирик ҳисобда мағлуб этиб, қўшнилари учун қисман қасос олди.
Ўзбек футболчилари деярли дастлабки дақиқалардан ташаббусни ўз қўлига олишди. 29-дақиқада корейслар дарвозасига пенальти белгиланди, аммо улар буни голга айлантира олишмади. Бироқ, орадан бир-икки дақиқа ўтиб Садриддин Хасанов биринчи голни урди. 40-дақиқада Шимолий Корея бир кишига кам бўлиб қолди: Кан Мен Бом иккинчи сариқ карточка олди. Иккинчи бўлимда Ўзбекистон терма жамоаси майдонда тўлиқ устунлик қилиб, яна иккита гол уришга эришди: 62 ва 65-дақиқаларда Жамшидбек Рустамов ва Абубакир Шукуруллаевлар гол уришди.
Ярим финалнинг яна бир учрашувида Саудия Арабистони Жанубий Кореяни пенальтилар сериясида мағлуб этди. Учрашувнинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги U-17 Осиё кубоги финали 20 апрель куни бўлиб ўтади.
3-20 апрель кунлари Саудия Арабистонида 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги бўлиб ўтмоқда. Мусобақада 16 жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. Ҳар бир гуруҳдан иккитадан жамоа турнирнинг плей-офф босқичига йўл олди. Чорак финалнинг барча иштирокчилари, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон терма жамоалари ҳам жаҳон чемпионатига йўлланма олади.
3-27 ноябрь кунлари Қатарда 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.Турнирда илк бор 48та жамоа иштирок этади. Илгари ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳар икки йилда бир марта ўтказилар эди; бундан буён чемпионат ҳар йили ўтказилади.