1 июндан чет эл фуқаролари Ўзбекистонда 250 минг доллар эвазига яшаш гувоҳномасини олиши мумкин

mts.ru сайти фотосурати

Жорий йилнинг 1 июнидан Ўзбекистонда хорижий давлатлар фуқаролари республика бюджетига 250 минг доллар киритиш орқали соддалаштирилган тартибда яшаш гувоҳномасини олишлари мумкин. Тегишли тартиб мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг 18 апрелдаги фармони билан белгиланди.

Белгиланган миқдордаги тўловдан сўнг, чет эл фуқароси беш йил муддатга яшаш гувоҳномасини олади. У ўз оила аъзолари — турмуш ўртоғи, болалари, ота-онаси учун ҳам ҳудди шундай ҳужжатларни расмийлаштириш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолда, ҳар бир киши учун қўшимча 150 минг доллар тўланади. Бунда кўчмас мулк сотиб олиш шарт эмас.

«Газета.uz» нинг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини 16 ёшга тўлган республикада доимий яшовчи чет элликлар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, мамлакатда доимий яшовчи, лекин маълум сабабларга кўра Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар олиши мумкин.

Бундан ташқари, кўчмас мулк сотиб олингандан сўнг яшаш рухсатномаси бериладиган қоида мавжуд:

✅ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида — камида 300 минг АҚШ доллари миқдорида;

✅ Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида — камида 200 минг доллар;

✅ Қорақалпоғистон ва бошқа вилоятларда — 100 минг доллардан кам бўлмаган.

Қоидага кўра, иқтисодиётга инвестициялар киритилгани учун берилган яшаш рухсатномалари «олтин визалар» деб аталади. Шунга ўхшаш амалиёт Португалия, Испания ва БААда мавжуд. Бундай дастурларнинг мақсади — чет эллик бой кимсалар пулларини мамлакат бюджетга жалб қилишдир. Мисол учун, Амирликларда агар камида 545 минг долларлик кўчмас мулк сотиб олсангиз, сизга «олтин виза» 10 йилга берилади. Испанияда чет элликлар кўчмас мулк ёки қимматбаҳо қоғозлар сотиб олиши, маҳаллий бизнесга сармоя киритиши ёки банк депозитини очиши лозим. Бундан ташқари, минимал инвестиция 500 минг евро бўлиши керак. Ушбу Европа давлатида «олтин яшаш рухсатномаси» узайтириш имконияти билан уч йилга берилади.

ℹ️ Яшаш гувоҳномаси — бу чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб, унинг муайян давлатда яшашига рухсат берилганини тасдиқловчи ҳужжатдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ