Андижон шаҳрида содир бўлган фожиали воқеаларга 20 йил тўлди

Андижон, 2005 йил май. © Денис Синяков фотосурати

13 май куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов даврида Андижон шаҳрида юз берган фожиали воқеаларга 20 йил тўлди.

Расмий версияга кўра, 2005 йил 13 майга ўтар кечаси ва эртаси куни Андижонда қуролли гуруҳ қамоқхона ва бир қатор ҳукумат биноларига ҳужум қилиб, 12 нафар ҳуқуқ-тартибот ходимини ўлдирган ва 334 та қуролни тортиб олган. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари террорчилар жами 70 кишини гаровга олгани, улардан 15 киши ўлганини маълум қилган. Кейинчалик шаҳарга қўшин киритилган. Расмий маълумотларга кўра, Андижон воқеаларида 187 киши ҳалок бўлган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари қурбонлар сонини 500 дан 1500 нафаргача деб ҳисоблаган. Уларга кўра, ўша куни – жума куни бўлган – бир неча ўн минг киши марказий Бобур майдонига тўпланиб, ҳукумат сиёсати ва иқтисодий қийинчиликларга қарши норозилик билдиришган. Уларни тарқатиш учун хавфсизлик кучлари ўт очган. Ҳалок бўлганлар орасида аёллар, болалар ва қариялар кўп бўлган.

Кейинчалик кўплаб намойишчилар зўравонликда айбланган, суд жараёнлари ёпиқ ва шаффоф бўлмаган ва кўпчилик мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Халқаро ҳамжамият, жумладан, Ғарб давлатлари мустақил тергов ўтказишни талаб қилган, бироқ Ўзбекистон ички ишларга аралашмасликни эълон қилиб, рад этган. Бунга жавобан Европа Иттифоқи санкциялар киритган, жумладан, қурол-яроғ эмбаргоси ​​ва 12 нафар юқори мартабали мансабдор шахсга Европага киришни тақиқлаш орқали. Бироқ, 2009 йили санкциялар бекор қилинган ва АҚШнинг текширув ўтказишга уринишлари муносабатларнинг ёмонлашуви билан якунланган.

2013 йили БМТ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича навбатдаги ҳисоботни кўриб чиққанида ҳукумат делегацияси вакиллари «Андижон — ёпиқ масала», дея таъкидлаган. Кейинчалик ҳуқуқ фаоллари халқаро тергов ўтказилиши ва оммавий ўлимлар учун айбдорлар жазоланишини талаб қилишда давом этишган, бироқ бу вақтга келиб Ўзбекистонга расмий босим заифлашган эди. 2005 йилдан кейин жорий қилинган санкциялар аста-секин бекор қилинган, Ғарб давлатлари билан Андижон воқеалари танқидидан сўнг бузилган муносабатлар тикланган.

👉 Ушбу хабарни ёзиш пайтида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ва машҳур блогерлари Андижон воқеаларининг 20 йиллиги ҳақида ҳеч нарса ёзмаган.

2016 йил декабрида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги президенти этиб сайланганидан сўнг мамлакатда «илиқлик даври» бошланди, оммавий ахборот воситалари ҳокимиятнинг айрим ҳаракатларини аста-секин танқид қила бошлади, баъзилари эса Андижон мавзусини кўтаришга журъат этолди. Жумладан, 2019 йили Qalampir.uz сайтида Андижон воқеаларида бевосита иштирок этган собиқ Ички ишлар вазири Зокир Алматов билан интервью эълон қилинган. Ички ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари «Андижон воқеаси унинг учун оғриқли масала», эканини айтган. Унга кўра, Андижонда террорчилар ҳокимиятни қўлга киритиш бўйича режали операция ўтказган» бу давлат тўнтаришига уриниш эди. «Кечирасиз, лекин биз ўшанда қўлимиздан келганини қилгандик», – деган Алматов. Сайтнинг ушбу саҳифаси ҳозирда 404 хатолик бермоқда.

2020 йил февраль ойида Ўзбекистон прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова худди шу Qalampir.uz сайтига берган интервьюсида қурбонлар орасида тинч фуқаролар ҳам бўлганини тан олган. Унинг сўзларига кўра, улар ҳарбий хизматчилар ва уларнинг раҳбарияти ўртасида керакли координация бўлмагани боис отишмага дуч келишган: алоқа воситалари ёмон ишлаган, командир буйруқни ўз вақтида эшитмаган ёки тушунмаган, тайёргарлик ҳам бўлмаган. Бош прокурор ўринбосари фуқароларни отиб ташлашда айбдор бўлганлар жиноий жавобгарликка тортилгани, уларнинг баъзилари жазони ўтаб, озодликка чиқишга муваффақ бўлганини қўшимча қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ