Ўзбекистон президенти маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудларга айлантириш вазифасини қўйди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев республикадаги барча маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудларга айлантириш вазифасини қўйди. Бунинг учун «тизимни пастга тушириш», яъни аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жойларда профилактика инспекторлари, жиноят қидирув ходимлари, патрул-пост хизматлари ҳамда қўриқлаш хизматлари томонидан олиб борилаётган ишларни кучайтириш зарур. 8 июль куни давлат раҳбари раислигида шу мавзуда йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар берди унинг матбуот хизмати.

Тегишли мутасаддилар таъкидлаганидек, республика раҳбарининг жорий йилдаги биринчи қарори ҳам шу масалага бағишланган. Президент 3 январдаги ҳужжатда ҳар бир маҳаллада ҳуқуқ-тартибот идоралари олдига тезкорлик билан ҳуқуқбузарликлар олдини олиш бўйича устувор вазифаларни қўйган эди.

Хавфсизлик хизмати ходимларига кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида мамлакат бўйлаб мақсадли «йўл хариталари»га асосланган самарали ижтимоий профилактика тизими жорий этилган. Жамоат жойларини рақамлаштириш қамрови оширилди, ҳуқуқ-тартибот олийгоҳлари томонидан илмий-амалий ўрганишлар ўтказилди. Алоҳида эътибор вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар ва оила-турмуш муносабатлари доирасидаги жиноятчиликни жиловлашга қаратилди.

Бунинг натижасида 5 минг 200 та маҳаллада бирорта ҳам жиноят бўлмади. Аммо баъзи маҳаллаларни ҳали ҳам хавфсиз деб бўлмайди, шунинг учун бу соҳадаги ишлар тўхтамайди.

Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ҳолатлари кўп учраб турибди. Бунга қарши курашилаётган, зарарли воситалар ва лабораториялар йўқ қилинаётган бўлса-да, муаммо тўла бартараф бўлмаган. Шу боис видеокузатув камералари ва сунъий интеллектни қўллаб, гиёҳвандлик моддалари тарқалишини аниқлаш, манбасини таг-томири билан йўқ қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Бугунги кундаги яна бир долзарб муаммо – кибержиноятчилик. Республикада йил бошидан буён содир этилган жиноятларнинг 42 фоизини шу «иллат» ташкил қилган. Бу ерда бундай ҳодисаларга қарши курашишга бағишланган Президент фармони муҳимлиги таъкидланди. Ундаги вазифаларни тўла амалга ошириб, кибержиноятларнинг олдини олиш, аҳолининг бу борадаги билими ва огоҳлигини кучайтириш, тўлов тизимларида мижозларининг манфаати ва молиявий хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги айтилди.

Соҳа ходимларининг билим ва малакасини ошириш – замон талаби. Шу боис Ички ишлар вазирлиги Академияси фаолиятини такомиллаштириш кўзда тутилган. Жумладан, унга қабул квотасини босқичма-босқич ошириш, янги йўналишлар очиш ва дуал таълимни ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Мутасаддилар ҳисоботида таъкидланганидек, ички ишлар тизими прокуратура органлари билан доимий ҳамкорликда иш олиб боради, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ўз вақтида чора-тадбирлар кўриш мақсадида мамлакатдаги жиноятчилик ҳолати ўрганилади ва таҳлил қилинади.

Давлат раҳбари ҳисоботни тинглаб, жиноятчилик даражасини кескин камайтиришга олиб келадиган қўшимча вазифаларни белгилаб берди.

«Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик ва қонун устуворлиги иқтисодиёт ривожи, аҳоли фаровонлигининг муҳим шартидир», — деди Мирзиёев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ