Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистон иштирокида Фарғона тинчлик форумини ўтказди

ismi.uz сайти фотосурати

15-16 октябрь кунлари Фарғона шаҳрида биринчи Фарғона тинчлик форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) хабар берди.

Форум СМТИ томонидан БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) ва Европа Иттифоқи вакиллари, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистонлик ҳамкасблар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ), Осиё, Европа ва Америкадаги таҳлил марказлари экспертлари, шунингдек, Марказий Осиё давлатларидан фуқаролик жамияти, бизнес, илмий доиралар вакиллари, фаол ёшлар иштирок этди.

СМТИ директори Элдор Арипов форум шунчаки муҳокама майдони эмас, балки минтақавий ҳамкорликнинг янги фалсафасини шакллантириш йўлидаги қадам эканини таъкидлади. У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган «Марказий Осиёда ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган низолар, можаролар даври ўтмишда қолди, бугун Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди», деган сўзларини эслади.

«Ўнлаб йиллар давомида Фарғона водийси мураккаб зиддиятлар ҳудуди сифатида қабул қилинди. Бугун эса у яхши қўшничилик, очиқлик ва биргаликда бунёдкорлик орқали ишончсизликнинг тарихий меросини қандай енгиб ўтиш мумкинлиги бўйича намунага айланмоқда», – деди Элдор Арипов.

Биринчи форумнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат бўлди:

▪️ Фарғона водийсини ривожлантириш бўйича умумий қарашларни ишлаб чиқиш;

▪️ Ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун ички ва ташқи ресурслар ва инвестицияларни жалб қилиш;

▪️ Фарғона водийсидаги чегара низоларини ҳал этиш тажрибасини бошқа ҳудудларда давлатлараро муносабатларни йўлга қўйиш «намунаси» сифатида тарғиб қилиш;

▪️ Фарғона водийсининг ишонч, мулоқот ва миллатлараро тотувлик майдони сифатидаги халқаро қиёфасини яратиш.

Форум якунлари бўйича якуний коммюнике қабул қилинди. Тадбир водий давлатларида ҳар уч йилда бир марта ўтказилади.

ℹ️ Фарғона водийси Марказий Осиёдаги энг зич жойлашган ҳудуд бўлиб, 17 миллион киши истиқомат қилади. Унинг ҳудуди учта давлат: Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон томонидан тақсимланади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) маълумотларига кўра, сўнгги саккиз йил ичида, яъни Ўзбекистонда ҳокимият алмашганидан сўнг, водийнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти (ЯҲМ) жорий нархларда деярли тўрт баробарга ошиб, 7,9 млрд доллардан 19,8 млрд долларгача етди. Шу даврда реал ўсиш 60%ни ташкил этди.

Фарғона водийси экспорти 2,4 бараварга ошиб, 2,7 миллиард долларни ташкил этган бўлса, Ўзбекистон билан Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми уч баробардан зиёд ошиб, 1,6 миллиард долларга етди.

2017-2024 йилларда водийда 31,2 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 975 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди, камбағаллик даражаси 13,9 фоиздан 8,6 фоизга камайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ