Ўзбекистон 2030 йилга қадар теннис бўйича Осиёнинг кучли бешлигига кириш ниятида

srednyadm.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилга қадар мамлакатни теннис бўйича Осиёнинг кучли бешлигига киритишни, ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланувчилар сонини эса 3 минг нафарга етказишни мақсад қилмоқда. Бу мақсадлар президентнинг 2026 йил 21 сентябрдаги «Теннис спорт турини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, 2030 йилга қадар теннис бўйича мураббийлар сонини 200 нафарга етказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, ҳукумат теннисни истиқболли спорт турлари рўйхатига киритиш бўйича чоралар кўриши керак.

2026 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда Профессионал теннисчилар ассоциацияси (ATP), Халқаро теннис федерацияси (ITF) ва Халқаро хотин-қизлар теннис ассоциацияси (WTA) эгидасидаги халқаро мусобақаларни мунтазам равишда ўтказиш режалаштирилмоқда.

Тақвимдан, шунингдек, ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон Кубоги, ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида республика чемпионати, катталар ўртасидаги Uzbekistan Open халқаро турнири ҳамда ATP Challenger туркумига кирувчи эркаклар турнири ҳам ўрин олади.

Ўзбекистон профессионал теннисда етарлича бой тарихга эга. Ўзбекистонлик теннисчилар орасида WTA рейтингидаги энг яхши натижани Ирода Тўлаганова қайд этган. У 2002 йилда жаҳон рейтингида 16-ўринга кўтарилган ва WTA туркумида яккаликдаги учта турнирда ғолиб чиққан. Оқгул Омонмуродова эса яккалик рейтингида 50-ўринни, жуфтлик рейтингида 36-ўринни эгаллаган.

Эркаклар ўртасида мамлакатнинг энг муваффақиятли теннисчиси ҳануз Денис Истомин ҳисобланади. 2012 йилда у ATP рейтингида 33-ўринга кўтарилган, асосий турдаги иккита турнирда — 2015 йилда Ноттингемда ва 2017 йилда Чэндуда — ғолиб чиққан, шунингдек, «Катта дубулға» турнирларида уч марта тўртинчи босқичгача етиб борган. Унинг фаолиятидаги энг шов-шувли ғалабалардан бири 2017 йилги Australian Open турнирининг иккинчи даврасида қайд этилган. Ўшанда ATP рейтингида 117-ўринда турган Истомин 4 соат 48 дақиқа давом этган учрашувда жаҳоннинг иккинчи ракеткаси Новак Жоковични мағлуб этганди. 2018 йилда ўзбекистонлик теннисчи Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритган.

Сўнгги ойларда Ўзбекистон хорижлик теннисчиларни натурализация қилиш ва уларнинг спорт фуқаролигини ўзгартириш орқали аёллар терма жамоасини фаол равишда кучайтирмоқда. Мамлакат Теннис федерацияси бир вақтнинг ўзида беш нафар спортчи — Камилла Раҳимова, Мария Тимофеева, Полина Кудерметова, Лайма Владсон ва Александра Бармичева — Ўзбекистон байроғи остида иштирок этишга ўтганини маълум қилди. Улар орасида энг сўнггиси россиялик Кудерметова бўлади.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда теннисга биринчи президент Ислом Каримов даврида алоҳида эътибор қаратилганди. Унинг даврида мамлакатда йирик халқаро турнирлар мунтазам ўтказиб турилган. 1994 йилда Тошкентда илк бор 125 минг долларлик соврин жамғармасига эга Ўзбекистон президенти Кубоги турнири ўтказилган. Дастлабки учта мусобақа Challenger мақомига эга бўлган, 1997 йилда эса турнир ATP асосий тури тақвимига киритилган. Мусобақа 2002 йилга қадар ўтказилган. Унинг ғолиблари қаторида британиялик Тим Хенман, германиялик Николас Кифер, россияликлар Марат Сафин ва Евгений Кафельников бор. Хенман ва Сафин турнирда икки мартадан ғолиб чиққан.

1999 йилдан бошлаб Тошкент WTA тақвимига кирган Tashkent Open турнирига мезбонлик қилган. 2000 йилдаёқ турнирда Ўзбекистон вакили Ирода Тўлаганова ғолиб чиққан. Мусобақа 2019 йилга қадар ҳар йили ўтказиб келинган.

Кўп йиллар давомида Ўзбекистон Теннис федерациясига МХХ раҳбари Рустам Иноятов бошчилик қилган. 2025 йилдан Федерация раиси лавозимини «Капиталбанк» асосчиси, «Пахтакор» футбол клубининг собиқ президенти Ботир Раҳимов эгаллаб келмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ