Туркия Ички ишлар вазирлиги мамлакат бўйлаб қаровсиз ҳайвонларни тутиш ишлари якунланганини маълум қилди

Туркия Ички ишлар вазири Мустафо Чифтчи мамлакатнинг барча 81 та вилоятида қаровсиз ҳайвонларни тутиш ишлари якунланганини, улар бошпаналар ва махсус жиҳозланган муниципал сақлаш ҳудудларига жойлаштирилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, операциянинг сўнгги босқичи Диёрбакир шаҳрида ўтказилиб, 21 октябрь куни якунланган. Баёнот Lider Haber телеканали эфирида янгради ва 25 октябрь куни давлатнинг TRT Haber телеканали томонидан эълон қилинди.

Вазирнинг сўзларига кўра, тутиб келинган ҳайвонлар даволанади, стерилизация қилинади, эмланади ва уларни уйига олиб кетишни истаган кишиларга топширилади. Бироқ, эълон қилинган хабарда ҳайвонларнинг умумий сони, турлар бўйича тақсимоти ва уларни жойлаштиришга оид батафсил статистика келтирилмаган.

Вазир қўллаган «қаровсиз кўча ҳайвонлари» ибораси ислоҳотнинг асосий предмети — дайди итларни сақлаш масаласидан кенгроқ маънони англатади. Қонун матнида айнан итларни ветеринария муолажаларидан кейин эгаларига топширилгунига қадар бошпаналарда сақлаш талаби белгиланган.

Чифтчи мушукларни тутиш бўйича алоҳида маълумотларни тақдим этмаган. Шунинг учун ушбу чиқишга асосланиб, Туркиядаги барча кўча мушуклари ғойиб бўлди, деган хулосага келиш керакмас.

Гюльхане боғи ёнида, Истанбул. Фото: Fergana.agency

Мазкур кампаниянинг ҳуқуқий асоси ҳайвонларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритган 7527-сонли қонун бўлди. Парламент уни 2024 йил 30 июлда қабул қилган. Президент Режеп Таййип Эрдоған томонидан маъқулланганидан сўнг, ҳужжат 2 август куни кучга кирди. Янги қоидаларга кўра, стерилизация қилинган итларни кўчаларга қайтаришнинг аввалги амалиёти бекор қилиниб, уларни кимдир ўз уйига олиб кетгунига қадар бошпаналарда сақлаш тартиби жорий этилди.

Қонунда айрим тоифадаги итларга нисбатан эвтаназия қўллашга ҳам рухсат берилган. Булар назоратсиз хатти-ҳаракатлари туфайли одамлар ва ҳайвонларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига хавф туғдирадиган, юқумли ёки даволаб бўлмайдиган касалликларга чалинган, шунингдек, сақланиши тақиқланган тоифаларга кирувчи итлардир. Бироқ, соғлом итни ўз уйига олиб кетишни истовчиларнинг йўқлиги уни ўлдириш учун мустақил асос сифатида кўрсатилмаган: бундай ҳайвонларни сақлаш давом эттирилиши керак.

Бошпаналар ташкил этиш ва мавжудларини такомиллаштириш мажбурияти йирик шаҳар муниципалитетлари, вилоят марказлари муниципалитетлари ҳамда аҳолиси 25 минг кишидан ортиқ бўлган аҳоли пунктлари муниципалитетлари зиммасига юклатилган.

Ислоҳот профессионал ҳамжамиятнинг бир қисми томонидан қаршиликка учради. Ҳали қонун лойиҳаси тайёрланаётган пайтдаёқ Туркия ветеринария шифокорлари уюшмаси соғлом ҳайвонларни ўлдиришга қарши чиқди ва бу касбий этикага зид эканини билдирди. Кейинчалик баҳсли қоидалар конституциявий суд муҳокамаси предметига айланди.

Туркия Конституциявий суди 2025 йил 7 май куни баҳсли нормаларни, жумладан, ҳайвонларни уларга эга чиқадиган кишилар топилгунига қадар сақлаш ва белгиланган шартларда эвтаназия қўллаш тартибини бекор қилиш ҳақидаги талабларни рад этди. Шу билан бирга, суд маҳаллий ҳокимият органлари ҳайвонлар ва атроф-муҳитга энг кам зарар етказадиган чораларни танлаши шартлигини таъкидлади. Эвтаназияни асоссиз қўллаш эса жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ