Афғонистонлик шоира Мужда Ўзбек толибларни танқид қилувчи шеърлари учун қамоққа олинди

Афғонистонлик шоира Мужда Ўзбек

Афғонистоннинг Тахор вилоятида «Толибон» ҳаракатининг разведка кучлари шоира ва мактаб ўқитувчиси Мужда Ўзбекни ҳибсга олди. У амалдаги ҳукумат сиёсатини танқид қилувчи шеърлар ёзишда айбланмоқда. Афғонистон оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, аёл сентябрь ойи охиридан бери ҳибсда сақланмоқда.

Ҳибсга олиш ҳақида Rukhshana Media ва Afghanistan International нашрлари вилоятдаги ўз манбаларига таяниб хабар берди. Уларнинг маълумотларига кўра, Мужда Ўзбек эри билан бирга Хўжағар туманида ҳибсга олинган. Кейин улар вилоятнинг маъмурий маркази — Толуқан шаҳрига олиб кетилган. Шоиранинг эри кафиллик тақдим этилганидан сўнг озод қилинган, бироқ унинг ўзи қамоқда қолган.

Манбаларнинг таъкидлашича, ҳибсга олинишига нафақат «Толибон» сиёсатини танқид қилувчи шеърлари, балки Афғонистон парламенти юқори палатасининг собиқ аъзоси, «Афғонистон миллий ислом ҳаракати» ўзбек ҳаракати етакчиси Абдул-Рашид Дўстумнинг қизи Рахила Дўстум билан эҳтимолий алоқалари ҳам сабаб бўлган.

Рахила Дўстум шоиранинг ҳибсга олинишини очиқ қоралаб, буни ташвишли ва асоссиз ҳолат деб атаган. У Мужда Ўзбекни озод қилишга чақириб, шеърлар ва фикрлар жиноят деб ҳисобланмаслиги кераклигини таъкидлаган.

Мужда Ўзбек — Афғонистонда яшовчи ўзбеклар вакиласи, шоира, ёзувчи ва беш фарзанднинг онаси. Маълумотларга кўра, ўтган йили «Толибон»нинг олий раҳбари Ҳайбатулла Охунзода норозилик ва муҳаббат мавзусидаги шеърлар ёзишни тақиқлаган.

«Толибон»нинг Тахор вилоятидаги вакиллари ҳибсга олиш ҳолати юзасидан очиқ изоҳ бермаган. Аёлга расман қандай айбловлар қўйилгани, унинг ҳозирги аҳволи ва қаерда сақланаётгани ҳақидаги маълумотлар чекланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ