Қозоғистон билан алоқадорлиги тахмин қилинаётган хакерлар гуруҳи Тожикистон миллий хавфсизлигига оид 2000 дан зиёд ҳужжатни қўлга киритишда сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланган. Бу ҳақда Сингапурнинг киберхавфсизлик бўйича CloudSEK компанияси ўтказган суриштирувга таяниб, Reuters хабар бермоқда.
Мутахассислар хакерларнинг ўз серверларидан бирини хатолик туфайли интернет тармоғига очиқ қолдирганидан сўнг уларнинг изига тушган. Унда сақланган материалларни ўрганиб чиққан тадқиқотчилар киберҳужумларнинг боришини қайта тиклашга муваффақ бўлишган. Маълум бўлишича, хакерлар ҳаракатларни мустақил режалаштириш, зарур дастурларни ишга тушириш, маълумот йиғиш ва ҳисоботлар тузиш қобилиятига эга Hermes автоном СИ-агентлари платформасидан фойдаланган.
CloudSEK маълумотларига кўра, Hermes тизимидан разведка амалиётларида фойдаланиш тахминан 2026 йил август ойининг ўрталарида бошланган. Бир неча ҳафта ўтиб, хакерлар Тожикистоннинг давлат электрон ҳужжат айланиши тизимига кириб борган. СИ-агенти ҳужжатларни юклаб олиш, уларни тизимлаштириш ва кичик қисмларга ажратиш учун махсус дастур яратиб берган, бу эса ўғирланган маълумотларни узатишни осонлаштирган. Натижада хавфсизлик ва мудофаа масалаларига оид 2000 дан ортиқ ҳужжат ғаразгўйлар қўлига тушган.
Суриштирув шунингдек, Тожикистон темир йўлларининг компьютер инфратузилмасига ҳамда Ўзбекистон ўрмон хўжалигида қўлланиладиган Smart Forestry рақамли платформасига кириб бориш аломатларини ҳам фош этди. Бундан ташқари, серверда Туркманистон ташкилотларига фишинг ҳужумлари уюштириш учун тайёрланган материаллар аниқланди. Бироқ тадқиқотчилар кейинги ҳужумлар муваффақиятли амалга оширилганига оид далилларни келтирмаган.
Мутахассислар ушбу гуруҳни аввалроқ постсовет мамлакатларининг давлат муассасаларига қарши кибержосуслик операцияларида пайқалган Silent Lynx гуруҳига тегишли деб ҳисобламоқда. Унинг Қозоғистон билан боғлиқлиги ҳақидаги тахминлар билвосита белгиларга асосланган: хакерлар рус тилидан фойдаланган, уларнинг фаоллиги Қозоғистондаги иш соатларига тўғри келган, шунингдек, серверга уланиш учун ушбу мамлакатдаги интернет-уланишлардан фойдаланилган. Бироқ тадқиқотчилар гуруҳни айнан ким бошқарганини аниқлай олмаган ва ҳужумларга Қозоғистон давлат тузилмаларининг алоқадорлигини исботловчи далилларни тақдим этмаган.
Reuters изоҳ олиш учун Қозоғистон ва Тожикистон расмийларига мурожаат қилган, аммо мақола эълон қилингунга қадар жавоб ололмаган. Журналистлар Silent Lynx вакиллари билан ҳам боғлана олишмаган.
ℹ️ 2026 йил октябрь ойида Cisco Talos ва Recorded Future компаниялари постсовет давлатларининг давлат муассасаларига қарши кибержосуслик фаолияти бўйича тадқиқот натижаларини эълон қилган эди. Уларнинг маълумотларига кўра, жиноятчилар дипломатик ёзишмалар, иқтисодий сиёсат, энергетика, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалигига қизиқиш билдирган ҳолда, камида 2025 йилнинг январидан буён ҳужумлар уюштириб келган. Тадқиқотчилар хакерларнинг Қозоғистон билан алоқадорлик эҳтимолини мўътадил деб баҳолаб, мавжуд маълумотлар уларнинг келиб чиқиши ва эҳтимолий буюртмачиларини ишончли тарзда аниқлаш имконини бермаслигини таъкидлаганлар.



