Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўнлаб давлат корхоналарини имтиёзлардан маҳрум этиш таклифи билан чиқди

Монополияга қарши курашиш кўмитаси мажлиси . Antimon.gov.uz сайти фотосурати

Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган ўнлаб давлат корхоналари эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари, преференциялардан бекор қилиниши керак. Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси мана шундай таклиф билан чиқди ва бунга доир қонун лойиҳаси ва президент фармонини тайёрлади.

Ҳужжатда, жумладан, “Ўзметкомбинат” АЖ ва “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖнинг қора ва рангли металларнинг парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш (сотиб олиш) бўйича монопсонияси (мутлақ сотиб олувчининг ҳуқуқи) бекор қилиниши, «Кишлок курилиш лойиҳа» — ҳарбий хизматчиларга уй жой қуриш соҳасида, Давлат йўл қурилиши қўмитаси йўллар қурилиши, «Давлат белгиси» — паспорт, давлат ҳужжатлари бланкалари, талон, битирувчилар учун медаллар тайёрлаш борасида, «Ўзстандарт» — маҳсулотлар ҳисоблагичи ва маркировка қилиниши, Халқ банки — пенсия ва нафақалар тўлови, «Ўзбекозиқовқатзахира» — давлат резервларидан аҳолига белгиланган нархда озиқ-овқат сотиш, Миллий гвардия— қўриқлаш хизмати соҳасида, Uz-Prista Recycling — техник мойларни қайта ишлаш соҳасида, «Кафолат» ва «Ўзбекинвест» — суғурта хизматларини кўрсатишда, «ЎзшаҳарсозликЛИТИ», «ТошкентбошпланЛИТИ» ва «Қишлок қурилиш лойиҳа» — шаҳарсозлик ва йўл қурилиши учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқаришдаги монопол ҳолатига чек қўйилади.

«Ўзбекипаксаноат», Халқ банки, Микрокредитбанк, Ўзагроэкспортбанк, «Электркимёзавод», «Ўзагрокимёҳимоя», Акфа университети, Nukuselectroapparat, Рашидов номидаги тўқимачилик комбинати, Medical care cluster, Ёшлар иттифоқининг шўъба корхоналари Ўзбек-Япон инновацион ёшлар маркази ва бошқа корхоналарни солиқ ва божхона тўлови имтиёзларидан маҳрум қилиш тавсия этилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси, шунингдек, «Истеъмолчилик кредитлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасини тақдим этди ва унга кўра миллий пул бирлиги ва валютада бериладиган истеъмол кредитлари учун чеклов бекор қилинади. Бундан ташқари, қўмита «Қимматбаҳо қоғозлар бозори» қонунидан ўрин олган савдолардаги келишув бўйича ҳисоб -итоблар фақат Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки орқали амалга оширилиши шартлиги борасидаги қоидани бекор қилиш таклифини киритган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ