Кшиштоф Занусси : «Тошкент кинофестивали қайта жонлангандек бўлди»

Кшиштоф Занусси. Ташкилотчи фотосурати

Польшалик режиссёр Кшиштоф Занусси «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивалига ташриф буюриб, талабалар, ёш киноижодкорлар ва режиссёр мухлислари учун маҳорат дарси ўтказди.

Маҳорат дарси бошлашдан аввал Занусси Тошкент кинофестивалидан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.

«Энг муҳими, янги фестивал анъаналарни давом эттирмоқда. Дунёда Тошкент кинофестивалини сўрасангиз, ҳамма: «Ҳа, бир пайтлар шундай кинофестиваль бўлганди», деб жавоб беради. «Ҳа, у мавжуд» деган сўзлар қулоққа яхши эшитилади. Шундан жуда хурсандман. Сўнгги йилларда пандемия сабабли кўплаб фестиваллар танаффусга чиқди. Аммо Тошкент кинофестивали жонлангандек бўлди», — деди у.

Польшалик режиссёр, шунингдек, давлат кўмагисиз жиддий кино Осиёда ҳам, Европада ҳам бўлмаслигини айтди.

Маҳорат дарсида Кшиштоф Занусси бир соат давомида томошабинларга кино санъатининг нозик жиҳатлари ҳақида гапириб берди. Бошқа нарсалар қатори, режиссёр шундай деди: «Одамлар одатда кўрган нарсаларини кўришни хоҳлашади, уларнинг янгиликни қабул қилишлари учун сиз бу эҳтиёжга ишонтиришингиз керак».

Кшиштоф Занусси — польшалик кинорежиссёр, сценарийнавис ва продюсер. Венеция кинофестивалининг бош мукофоти «Олин шер» лауреати, кўплаб халқаро ва миллий мукофотлар совриндори.

«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Анжуманда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этади. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқаметражли фильмлар намойиш этилади. Тадбирлар ва фильмлар намойишининг жадвали билан кинофестиваль ташкилотчисининг расмий веб-сайтида танишиш мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ