Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилга бориб мамлакатда муҳим минераллар ишлаб чиқариш ҳажмини камида 2,7 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Бунинг учун республикада қазиб олинадиган тегишли фойдали қазилмалар рўйхати 16 тагача кенгайтирилади. Бу ҳақда 5 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёевга тоғ-кон саноатини ривожлантириш чора-тадбирлари тақдим этилган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Хусусан, «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» (ЎТМК) олдига катта мақсадлар қўйган. Корхона беш турдаги муҳим минерал — вольфрам, молибден, селен, теллур ва рений ишлаб чиқаришни ўзлаштирган. Энди яна 11 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бироқ, Мирзиёев матбуот хизмати хабарида фақат ўнта минерал номи келтирилган: никель, кобальт, графит, сурьма, қалай, марганец, платина, ванадий, симоб ва мис.
Президент соҳага илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш ва фойдали қазилмаларнинг қўшимча захираларини аниқлаш муҳимлигини таъкидлади.
Вольфрамни чуқур қайта ишлаш лойиҳалари алоҳида муҳокама қилинди. Уларни амалга ошириш учун 1,1 миллиард долларлик инвестиция жалб этиш режалаштирилган. Бу 2030 йилга бориб ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб 2,2 миллиард долларга етказиш имконини беради.
Йиғилишда бугунги кунда муҳим минераллар ва металларга бўлган талаб жадал суръатларда ошиб бораётгани қайд этилди. Агар анъанавий металларга талаб йилига ўртача 1 фоизга ўсса, муҳим минераллар бозорида бу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этади.
Вужудга келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ҳукумати маҳаллий корхоналар, жумладан, ЎТМКни жадал ривожлантиришни режалаштирмоқда. Бунда геология-қидирув ишлари ва қазиб олишдан тортиб, бойитиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ технологик занжирни яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Комбинат раҳбарияти президентга жорий йил охиригача 12 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар турини кенгайтириш, шунингдек, ўта тоза селен ва теллур ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни режалаштираётганини маълум қилди.
Йиғилишда «Навоийуран» корхонаси фаолиятини такомиллаштириш режалари ҳам кўриб чиқилди. Корхона вакилларининг таъкидлашича, сўнгги йилларда уран хомашёсига бўлган талаб 10–20 фоизга ошган. Прогнозларга кўра, 2030 йилгача бу кўрсаткич 28 фоизга етади. Шу боис ўзбек компанияси янги конларни ўзлаштириш орқали мазкур фойдали қазилма турини қазиб олиш ҳажмини ошириши ва ишлаб чиқариш самарадорлигини кўтариши зарур.
Бу вазифаларни ҳал этиш учун жорий йилда геология-қидирув ишлари ва бурғилаш кўламини кенгайтириш, комбинат инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда қўшимча сорбция қурилмаларини ишга тушириш режалаштирилган.
Маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида кимёвий реагентлар муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Шу муносабат билан «Навоийуран»га маҳаллий корхоналар томонидан техник олтингугурт, сульфат ва нитрат кислотаси етказиб бериш ҳажмини ошириш кутилмоқда. Шу билан бирга, президент олтингугурт кислотаси ўрнини босувчи реагентлар улушини 2030 йилга бориб 40 фоизга етказиш имконини берадиган муқобил технологияларни жорий этишни топширди.
Жорий йилда Навоийда уран ишлаб чиқариш ҳажми 7,5 минг тоннани ташкил этади. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич икки баробарга — 15 минг тоннага етказилади. Ураннинг қидириб топилган захиралари ҳажми эса 200 минг тоннага етказилади.



