Ғарбий Қозоғистон вилояти бўйича Давлат даромадлари департаменти бошқармасининг собиқ вақтинча раҳбари пора олгани учун 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Остона шаҳрининг жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди хабар берди. Суд ҳукмига кўра, маҳкум Россиядан келган юк машиналарининг чегарадан тўсиқсиз ўтиши учун 100 миллион тенге (221 минг доллар) олган.
Суд аниқлашича, 2025 йил сентябрь–октябрь ойларида мансабдор шахс Россия фуқароси билан Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги назорат-ўтказиш пунктлари орқали юк ташишда унга ҳомийлик қилиш бўйича келишиб олган.
У пора эвазига Россиядан Қозоғистонга 1003 та юк машинасининг тўсиқсиз ўтишини таъминлашга ваъда берган.
Бундан ташқари, мансабдор шахс ташувчи компаниялар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг хатарларни бошқариш тизимига киритилиши ҳақида маълумот бериб турган ва шу билан боғлиқ чекловларни қандай четлаб ўтиш мумкинлигини тушунтирган.
Пул унга воситачи орқали берилган. Воситачининг ўзи бу хизмат учун 24,8 миллион тенге (55 минг доллар) олган.
Давлат айбловчиси ДДДнинг собиқ ходимини 12 йилга, воситачини эса бир йилу олти ойга озодликдан маҳрум этишни сўраган. Суд ҳар икки айбланувчининг вояга етмаган фарзандлари борлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб топган. Шу билан бирга, собиқ мансабдор шахс учун оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қасамёдни бузган шахс томонидан жиноят содир этилгани эътироф этилди.
Натижада ДДДнинг собиқ ходими 10 йилга, воситачи эса бир йилу олти ойга озодликдан маҳрум этилган. Ҳар иккисига мол-мулкни мусодара қилиш жазоси тайинланган ва муайян лавозимларни эгаллаш умрбод тақиқланган. Суд, шунингдек, жиноий йўл билан топилган деб эътироф этилган пулларни давлат даромадига мусодара қилиш ва маҳкумлардан ноқонуний олинган маблағларни ундириш ҳақида қарор чиқарган.
Ҳукм ҳозирча қонуний кучга кирмаган.
Қозоғистон ва Россия чегарасида юк машиналаридан иборат навбатлар мунтазам равишда юзага келади. Одатда, бу ҳолат икки мамлакат божхона хизматлари фаолияти билан боғлиқ, бироқ идораларнинг ўзи ҳам транспорт оқими кўпайганини важ қилиб, бундай боғлиқликни мунтазам равишда рад этиб келади. Вазият айниқса 2025 йил кузида кескинлашган, ўшанда Россия ва Қозоғистон чегарасида минглаб юк машиналари тўхтаб қолган эди. Ўшанда экспертлар бу ҳолатга «Қозоғистон ва Россия томонларининг “яширин” импортга қарши курашни фаоллаштириш истаги бир вақтга тўғри келгани» сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтган эди.



